ПЕНСИЯ ВА НАФАҚАЛАР НАҚД ПУЛДА ТЎЛАНАДИ

Ўзбекистон Республикасида пандемия даври эълон қилинганидан сўнг жорий йилнинг май ойидан бошлаб айрим ҳудудларда пенсия ва нафақа пуллари касаллик юқиш хавфидан келиб чиқиб, пластик карточкалар очилиб тўланган эди.

Президентимиз раислигида жорий йилнинг 13 май кунида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Видеоселектор давомида Ўзбекистонда аҳоли ва кекса ёшдаги фуқаролардан келиб тушаётган кўплаб мурожаатларни инобатга олиб, иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни нақд пул шаклида карантин қоидаларига амал қилган ҳолда тўланиши белгиланди. Эндиликда жорий йил июнь ойидан бошлаб пенсия ва нафақалар фуқароларга аввалгидек нақд пул шаклида тўланади. Бунда пенсионерларни нақд пулга қайтарилиши бўйича фуқаролардан (Халқ банки) ёки пенсия жамғармасига ариза берилиши талаб этилмайди.

Банк пластик карточкалари орқали олиш истагини билдирган (ариза берган) ҳамда май ойидан аввал банк карточкаси орқали пенсия олиб келган фуқароларга тўловларни июнь ойида ҳам банк пластик карточкаси орқали тўлаб берилиши давом эттирилади.

Аввалги аризаларга мувофиқ, қисман нақд ва банк карталари орқали олиб келган фуқароларга июнь ойидан уларнинг пенсияларини аризаларида белгиланган нисбатларида амалга оширилади. Банк пластик карточкалари орқали пенсия ва нафақа олувчиларга маблағлар ҳар ойнинг 3-8-санасига қадар тўлиқ молиялаштирилиб берилиши режалаштирилган.

А.МАМАЧАЕВ, бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси туман бўлими пенсия ва нафақалар тўлови мониторинги гуруҳининг 1-тоифали инспектори.