«МЕН ТАВАККАЛНИНГ КОНЦЕРТИГА БИЛЕТ ОЛДИМ»

(Ўзбекистон халқ артисти Жалолхон Охунов хотиралари асосида)

Имом Ғаззолий ҳазратлари: «Мамлакат тўрт нарса: ҳукмдор адолати, олимлар заковати, бойлар саховати, мазлумлар дуоси билан обод  бўлади», -деб ёзганлар. Шундан келиб чиқиб, инсон камолотга тўрт нарса: маънавият, маърифат, маданият ва санъат туфайли эришади, десак, хато бўлмайди.

Ўтган асрнинг 60-йиллари. Ўсмир ёшида эдик. Колхоз даласида меҳнат қилардик. Вақти-вақти билан туман марказидаги ёзги, очиқ кинотеатр (ҳозирги туман ДХХ биноси ўрни)да эл севган санъаткорларнинг концерти бўларди. Билет ололсак, ичкарида, ололмасак, девор ва дарахтлар устига чиқиб, томоша қилардик. Кинотеатр 200-250 ўринли бўлиб, сиғмаган одамлар ён томонда тик туриб томоша қилар ёки ташқарида бўлса-да, овозини эшитар эдилар.

Шундай кунларнинг бирида туманга эл суйган санъаткор, ширали овоз соҳиби Таваккал Қодиров ташриф буюради. Концерт кечқурун ишдан кейин қўйиларди. Ташкилотчилар кинотеатр ўриндиқларини ҳисоблаб, шунга яраша билет сотадилар ва касса ёпилади. Улар тўрт кўча (ҳозирги марказдаги бош чорраҳа)дан оқиб келардилар. Одамлар касса туйнугини тақиллатиб, билет сўрайдилар. «Тик туриб бўлса-да, кўрамиз», -дейишади. Яна анча билет сотилади ва касса ёпилади. Одамлар райком биносига бориб, мурожаат қиладилар. Райкомнинг 1-котиби келиб, ташкилотчиларга: «Билетинглар борми?» -дейди. «Бор», -дейишади. Котиб: «Сотаверинглар, қанча сўрашса, шунча сотинглар. Бу одамлар тўғри даладан келган. Концертга киролмаса-да, билетни кўйлаги чўнтагига солиб, эртага далага бориб: «Мен Таваккалнинг концертига билет олдим», -деб мақтанади ва билетни асраб юради», -дейди. Ичкарига сиғмаган одамлар ташқарида концертни эшитиб, мазза қиладилар. Эртасига даладаги иш унуми ҳар доимгидан юқори бўлади. Кун бўйи санъаткорнинг «Дучава», «Бизни ташлаб», «Дейман», «Тошкент ироғи», «Воҳай бола» каби қўшиқлари одамлар оғзида янграр, ҳис-ҳаяжонларини ўртоқлашардилар.

Санъатнинг таъсир кучи, руҳлантирувчи қудрати ғоят баланд эди. Боиси, ўша давр санъаткори халқ ичида юрар (тансоқчиси бўлмаган), жонли ижро қилар, соз чалар (сунъийлик, фонограмма улар учун номус эди), халқ қалбига кира олардилар. Ўринбой МЎМИНОВ.