ҲУЗУРБАХШ ТУЙҒУ

Қачон, қайси жамиятда китоб ёзилган ва ўқилган бўлса, ўша ерда тараққиёт, тинчлик бўлган. Ёв босиб келган бўлса-да, енга олмаган, ўзи енгилган.

Ҳар қандай жамият қурилишида унинг ўтмишидаги ҳаётий тажрибалар пойдевор вазифасини ўтаган. Бу тажрибалар эса китоблар орқали етиб келган.

Инсониятни ўрмонлару ғорлардаги ибтидоий ҳаётдан цивилизацияга китоб олиб чиққанлиги рад этилмас ҳақиқат бўлса-да, бугунги кунда айрим калтабин «доно»лар китобдан воз кечишни, компьютердан ўқиш қулайлигини айтиб, ўта нотўғри ғояни олға сурмоқдалар. Китобдан воз кечиш ўтакетган гумроҳлик бўлади. Ёшларимиз, ҳозирги китобхонлар бундай сафсаталарга учмай, китоб билан ошноликни мустаҳкамласалар, энг тўғри йўл бўлади.

Китоб беминнат устоз, самимий дўст, саховатли улфатдир. У сиздан ҳеч нарса сўрамайди, истаганингизни беради, соғлиғингизга дахл қилмайди, руҳиятингизни кўтаради, йўлда вафодор йўлдош, ҳатто беморликда ҳам китоб ўқисангиз, дардингиз енгиллашади, ҳаловат топасиз. Одатда, китобсевар одам китобни қўлига олгандаёқ қандайдир таърифлаб бўлмас ҳузурбахш туйғуни ҳис этади. Бу туйғуни компьютер беролмайди. Мен компьютерни инкор қилмоқчи эмасман, жамият ҳаётида бугун унинг аҳамияти беқиёс. Аммо асарни китобдан ўқиган афзал.

Қадимда китоб сиёҳига хушбўй мушк-анбарлар қўшилиб ёзилгани учун саҳифани очишингиз билан димоққа ёқимли ифор урилиб, китобхоннинг баҳри дили очилар экан. Шу тажрибани бугунги матбаачиликда қўлланса, менимча, ғоят мақбул иш бўларди.

Ҳозирги китобсеварлар юқоридаги  фикрларимдан зарур хулосалар ясаб, китоб билан дўстликни мустаҳкамласалар, соз бўлади.

Шоира ТОЖИБОЕВА, 22-мактаб ўқитувчиси.