Мен сизни излаб келдим
Меҳр-оқибат йўқолмас,
Эл сўзин сўзлаб келдим.
Қурай суҳбат бир нафас,
Мен сизни излаб келдим.
Жийдакапа – қишлоғим,
Уйчим – гуллаган боғим.
Ўзингиз дил чироғим,
Мен сизни излаб келдим.
Ёддан чиқмайди ҳеч вақт,
Дийдорлашиш – тожу тахт,
Сизни кўрмоқлигим бахт,
Мен сизни излаб келдим.
Кўнгил яқин аслида,
Йўллар узоқ бўлса ҳам.
Ушбу баҳор фаслида,
Мен сизни излаб келдим.
Учрашган пайтимизда,
Ширин сўзлар сўзлардик.
Табассум пайдо юзда,
Мен сизни излаб келдим.
Майли ёзманг дастурхон,
Ғаниматдир умримиз.
Боқай тўймай, эй инсон,
Мен сизни излаб келдим.
Йиллар кетади ўтиб,
Онлар оқар сув дерлар.
Юрагимдан гул тутиб,
Мен сизни излаб келдим.
Абдумалик ЮСУПОВ.

