«МЕНИНГ ОБОД ТОМОРҚАМ»
Дунё миқёсида коронавирус пандемияси кенг тарқалиб бораётган бир пайтда мамлакатимиз раҳбари барчамизни бирдамликка, ҳушёрликка ва фаолликка чорламоқда. Бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи дунёнинг долзарб вазифасига айланиб қолди. Шу боис Юртбошимиз томонидан тадбиркорларга кенг ва қулай шароитлар яратиб берилмоқда. Aйниқса, томорқани ривожлантириш чора-тадбирлари яна ҳам кучайтирилди.
Иттифоқ МФЙда истиқомат қилувчи Ғаниевлар оиласи ҳам «Ер – хазина, томорқа – бебаҳо бойлик» шиори остида бирлашиб, оилавий бюджетларини ривожлантиришмоқда. Томорқадан унумли фойдаланиш мақсадида 6 та иссиқхона бунёд этишган. Унинг 5 сотихига помидор, 100 тупдан бодринг, булғор қалампири кўчатлари ўтқазишган. Бундан ташқари, иссиқхонанинг асосий қисмини лимон кўчатлари ташкил қилади.
-Томорқада астойдил ишлаб, яхшигина даромад олиш мумкинлигига ишонч ҳосил қилдим. Ишдан бўш вақтларимни оила аъзоларим билан бирга томорқада меҳнат қилишга сарфлайман. Ҳар йили помидор ва бодрингдан 2-3 маротаба ҳосил олиб, 7 миллион сўм, нари борса, 8 миллион сўм харажат қилиб, йил якунида эса 20-25 миллион сўм даромад топяпмиз. Томорқа ортидан бутун оиламиз ишли. Бўш ўтиришга вақт йўқ. Aйни пайтда эса иккинчи ҳосилимизни олишга тайёргарлик кўряпмиз, -дейди хонадон бошлиғи Aбдумажид ака.
Хонадон аъзолари бугунги бир куни йилга татийдиган паллада ерга меҳр бериб, кафтдек жойни ҳам бўш қолдирмасдан экин экиб, томорқадан унумли фойдаланишмоқда. Қанийди, ҳамма ҳам бирдек фикрлаганда эди, оиласида иқтисодий муаммолар келиб чиқмаган бўларди.
Биз эса Aбдумажид ака ва унинг оила аъзоларига сиҳат-саломатлик, оилавий тинчлик ва хонадонларининг бундан-да гуллаб-яшнашини тилаб қоламиз.
Юлдуз AБДУЛЛАЕВА, Наманган «Ёш журналистлар мактаби» ўқувчиси.

