ИЛМ ЧАШМАСИ

Китоб ҳақида фикр юритишдан аввал сиз бу сўзнинг луғавий маъносига ҳеч қизиқиб кўрганмисиз?  Китоб сўзи араб тилидан олинган бўлиб, битик, ёзилган деган маъноларни билдирар экан. Дарҳақиқат, китоб илм чашмаси, қалбимизни ёритувчи машъалдир.

Китоб инсон фикрини ўстиради, дунёқаришини кенгайтириб,  билимини бойитади, зарур пайтда ором беради, қийин дамларда йўл-йўриқ кўрсатади, маслаҳатчи бўлади.

Улуғ бобомиз Абдураҳмон Жомий таъкидлаганларидек:

«Китобдан яқинроқ дўст йўқ жаҳонда,

Ғамхўринг бўлгай у бахтли замонда».

Китоб – моҳир тарбиячи. Одоб-ахлоқ кони бўлган буюк хазина. Китоб инсон завқини оширади, сўзга чечан қилади. У биздан ҳеч нарса талаб қилмайди, аммо бизни камолотга етказади.

Ҳозирги техника асрида ўқувчи-ёшларнинг китобга бўлган қизиқиши қувонарли даражада эмас. Ёшларда китобхонлик маданиятини ошириш мақсадида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан китобхонликни давлат сиёсати даражасига қўйиш ҳақидаги фармойишлари эълон қилинди. Кўрик-танловлар орасида «Китобхон оила», «Ёш китобхон» танловларининг ўтказилиши, ғолибларга катта соврин қўйилганлиги қувонарли ҳол, албатта. Бу ёшларнинг китоб ўқишга бўлган иштиёқининг янада ошишига хизмат қилмоқда.

Алқиссаким, китоб билим, илм қасрининг калитидир. Кимки китобни ёшлигидан севиб, у билан қиёматли дўст бўлса, китоб ўқишни кунлик одатга айлантирса, у киши албатта, зиёли, маърифатли бўлиб етишади. Шундай экан, китоб энг яқин дўстимиз, ҳамроҳимиз бўлмоғи лозим.

Диёра АБДУРАҲМОНОВА, жамоатчи мухбир.