КЎП КВАРТИРАЛИ УЙЛАР УЛУШ КИРИТИШ АСОСИДА ҚУРИЛАДИ
Жорий йилнинг 27 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш жараёнини тартибга солиш чора-тадбирлари ҳақида»ги ПҚ-4732-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан «Кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида» Низом тасдиқланди. Қарорга асосан кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш учун жисмоний ва юридик шахслар (улушдорлар)нинг маблағларини жалб қилиш фақат юридик шахс мақомига эга бўлган ва улуш киритиш асосида қуриш учун маблағларни жалб этувчи қурувчиларнинг электрон рўйхатига киритилган қурувчилар томонидан амалга оширилади. Маблағларни жалб қилиш учун қурувчи ва улушдор ўртасида шартнома тузилади ва белгиланган тартибда ҳисобга қўйилади.
Қурувчилар қурилиш-монтаж ишларини ўз кучи билан ёки қурилиш-пудрат ташкилотлари(бош пудратчи)ни жалб қилган ҳолда амалга ошириши мумкин. Бунда бош пудратчи қурилиш-монтаж ишларини олиб бориш учун ишлар (хизматлар) қийматининг камида 30 фоизини ўз кучи билан бажариш шарти билан субпудрат ташкилотларини жалб қилиши мумкин. «Кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш тўғрисида»ги Низом талаблари у амалга киритилгунга қадар 2020 йилда қурилиш-монтаж ишларини бошлаш тўғрисида хабарнома юборилган қурилиш мажмуаларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.
Мазкур янги тартиб белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги марказий аппаратида улуш киритиш асосида қурилиш бозорини ривожлантириш бўлими ташкил қилинди.
Нодирбек ҲАСАНОВ,
туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси,
Ҳасанбой ТЎЙЧИБОЕВ, туман Халқ қабулхонаси етакчи мутахассиси.

