СЎЗ САНЪАТИНИНГ МУСАВВИРИ
Атоқли адибимиз Саид Аҳмаднинг ижод йўли бутун ўзбек халқининг ўтмиш кечинмалари, эл дарди-ю изтироблари билан ҳамоҳанг, десак, асло янглишмаймиз. Яқин тарихимиз билан яхши таниш бўлмаган ёш авлод унинг «Ҳукм», «Жимжитлик», «Уфқ», «Қоракўз Мажнун» асарларини мутолаа қилса, ўтмиш кўз олдида намоён бўлади, ўша давр кишилари билан руҳан бирга яшайди. Улар билан мулоқот қилади. Дарҳақиқат, ёзувчининг ўткир қалами ана шундай қудратга эга.
Дарс жараёнида мен ҳам Саид Аҳмад ижодига кўп бора мурожаат қиламан. Айниқса, ХХ аср ўзбек адабиёти намояндалари ҳаёти ва ижодини ўрганиш жараёнида адибнинг «Йўқотганларим ва топганларим» асари жуда қўл келади. Унда Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Миртемир, Садриддин Айний каби шоир ва ёзувчиларнинг оддий ҳаётда қандай шахс бўлганлари зўр маҳорат билан тасвирланганки, ўқувчилар учун қўшимча маълумот тарзида бериладиган ушбу лавҳаларни улар катта иштиёқ ва қизиқиш билан қабул қиладилар. Ўз-ўзидан Саид Аҳмаднинг ижодига бўлган муносабатлари шаклланиб боради.
Зебинисо ТЕМИРОВА, 38-мактабнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

