ОИЛА – ТАРБИЯ ЎЧОҒИ

Маълумотларга кўра, жиноят йўлига кирган ёшларнинг аксариятини нотинч оилаларда ўсганлар ташкил этади. Бунинг асосий сабаби, албатта, ўша оиладаги турмуш тарзи, тарбия ва муҳитнинг носоғлом эканлиги билан боғлиқдир.

Таъкидлаш жоизки, оилада бола тарбияси катта ижтимоий аҳамиятга эга. Болалар ақлли, ўқимишли, одобли, меҳнатсевар ва фаол бўлишидан ота-онагина эмас, балки жамият ҳам манфаатдордир. Чунки жамият тараққиётини маънавий етук, жисмонан соғлом ёшларгина таъминлай олади. Ёшлар маънавиятининг юксак бўлишига биринчи пойдеворини қўядиган меъмор эса ота-она, оиладаги муҳит ва тарбия ҳисобланади. Ёш авлод тарбиясига қариндош-уруғ, маҳалла-кўй, қўни-қўшниларнинг таъсири ҳам каттадир. Маълумки, халқимизнинг одоб-ахлоқ, тарбия борасидаги анъаналари, қадриятлари асрлар давомида шаклланиб, ривожланиб келган. Айниқса, ўзбек оилаларида фарзанд тарбияси борасида ота-онанинг намунаси, уларнинг шахсий фазилатлари – меҳнатсеварлиги, оила олдидаги бурч ва масъулиятини адо этиши, жавобгарлиги, иш юритиши, ўғил болаларга нисбатан отанинг, қизларга эса онанинг устозлик, раҳнамолик қилиши сингари ўзига хос мезонлар асосий ўринни эгаллайди.

Ана шу анъаналардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, фарзанд тарбияси учун биринчи навбатда ота-она масъул экан, оилада соғлом муҳитни шакллантириш, болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, китоб мутолааси, спорт билан мунтазам шуғулланишларини таъминлаш масалаларига муҳим вазифа сифатида қараш керак. Шундагина, улғайиб келаётган ёш авлод ҳам маънан, ҳам руҳан, ҳам жисмонан етук, эл-юрт ишига камарбаста инсонлар бўлиб камолга етади.

Наргиза ҲАМРОҚУЛОВА, 22-мактаб ўқитувчиси.