АРЗОН УЙЛАР ДХМ ОРҚАЛИ БЕРИЛМАЙДИ
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5886-сонли Фармонига мувофиқ 2020 йил 1 мартдан бошлаб ДХМлар ёки my.gov.uz портали орқали фуқароларга субсидиялар бериш учун ариза қабул қилиш назарда тутилган.
Субсидиялар маълум тоифадаги фуқаролар учун уйларни бозор нархида харид қилишга берилади. Яъни, арзон уйларга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 февралдаги 103-сонли қарорига асосан 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури доирасида талабгорларни танлаш бўйича туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги комиссия субсидия тайинлаш билан шуғулланмайди.
Лекин, Фармон чиқиши билан арзон уй-жойлар дастури ёпилмаган. Ҳокимликлар фуқароларни қабул қилмасликлари бўйича қонунчиликда ўзгартириш киритилмаган. Шу сабабдан, адаштириш керак эмас. Арзон уй-жой учун навбатларингиз ДХМлар орқали ўзгартирилмайди. Марказнинг бу масалага алоқаси йўқ. Мазкур масалада маҳаллий ҳокимиятларга мурожаат этиш лозим.
Энди субсидия ҳақида қисқача.
Фармонга кўра, ушбу субсидиялар кам таъминланган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади. Фармонда субсидия тўлаш схемаси кўрсатиб ўтилган.
Бироқ субсидия тайинлаш учун фуқаролар аниқ мезонлар доирасида танлаб олинади ва улардан ариза билан бирга маълум ҳужжатлар жамланмасини тақдим этиш талаб қилинади.
Мамлакатимизда арзон уй-жойлар ва кўп квартирали уйлар қуриш кўламини кенгайтириш, соҳага янги архитектура ва техник ечимларни жорий этиш орқали аҳолининг уй-жой маиший турмуш шароитларини яхшилаш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда. Хусусан, ўтган уч йил ичида 104 мингта оила уй-жой билан таъминланди, бу сўнгги ўн йил ичида қурилган уйлар сонидан бир ярим баравар кўпдир.
Ипотека бозорини узоқ муддатли ресурслар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги пул маблағларини тижорат банкларига 15 йил муддатга бозор шартлари асосида жойлаштиради.
Тижорат банклари аҳолига ўз маблағлари ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ипотека кредитларини тақдим этади; айрим шахсларга, шу жумладан, кам таъминланган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга (кейинги ўринларда – айрим шахслар) ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар (кейинги ўринларда – субсидиялар) тўланади.
Янги тартиб доирасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тижорат банкларига ажратилган маблағлар ҳисобидан ипотека кредитлари бирламчи уй-жой бозорида сотиладиган квартираларни (шу жумладан, янги тартиб доирасидан ташқари қурилган ва бирламчи уй-жой бозорида сотиладиган квартираларни) сотиб олиш учун қуйидаги шартларда берилади:
-қишлоқ жойларда – уй-жой ҳисобланган қийматининг 90 фоизидан ошмайдиган миқдорда 15 йил муддатга ва дастлабки бадали сотиб олинадиган квартира қийматининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда;
-шаҳарларда – уй-жой ҳисобланган қийматининг 80 фоизидан ошмайдиган миқдорда 15 йил муддатга ва дастлабки бадали сотиб олинадиган квартира қийматининг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдорда.
2020 йил 1 мартдан бошлаб субсидиялар олиш учун аризалар Ўзбекистон Республикаси Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали бериб борилмоқда.
Баҳромжон ҲАМИДОВ, туман ДХМ бўлим бошлиғи.

