ДАВЛАТ ХИЗМАТИНИ ТАЪМИНЛАШ ПРИНЦИПЛАРИ

Бугун сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳамда маданий-маърифий ҳаётда Ўзбекистон қўшни давлатлар ва бошқа хорижий мамлакатлар билан «Очиқлик принципи» асосида муносабатларни шахдам қадамлар билан ривожлантириб бормоқда.

Бу борада давлатимиз томонидан бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди ва ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5843-сонли Фармони ҳамда унинг ижросини таъминлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 октябрдаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4472-сонли қарори қабул қилинди.

Унга кўра, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, у давлат органлари ва ташкилотларида инсон ресурсларини ривожлантириш ҳамда ходимларни бошқариш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлган давлат фуқаролик хизмати ишлари бўйича ваколатли давлат органи қилиб белгиланди. Қайд этиш жоизки, ушбу янги тузилма давлат қурилиши соҳасида янги сиёсий институт сифатида майдонга чиқди.

Хорижий давлатлар тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, мазкур жараёнларда илғор тажрибалар кузатилади. Хусусан, Сингапур дав-лати тажрибасида 1951 йилда давлат хизматлари масалалари бўйича комиссия (Public Service Commis-sion) ташкил этилган. Дастлаб мазкур комиссия фуқаролик хизматига номзодларни илгари суриш, ёлланиш ва тайинлаш масалаларида Сингапурдаги Британия ҳукумати учун маслаҳат бериш учун хизмат қилган.

Умуман олганда, Сингапур давлатида давлат фуқаролик хизматини ташкил этишда мунтазам равишда самарали ислоҳотлар ўтказиб борилиши, шу ўринда хизматчиларга юқори маош таклиф этилиши билан коррупциоген ҳолатларнинг бартараф этилиши давлатнинг ҳар жабҳада ривожланиб боришига хизмат қилаётганлиги билан изоҳланади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, давлатнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, барқарорлигини таъминлаш, иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан қарамликка тушиб қолмаслиги, биринчи навбатда, муносиб давлат хизматчиларига боғлиқ ҳисобланади. Мазкур давлат хизматчиларини етиштириб чиқариш, кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйишда давлатимиз томонидан доимий равишда тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, бу эса истиқболда халқаро доирада ўз ўрнимизни мустаҳкамлаб бораверади.

Отабек РАҲИМОВ, давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали бўлим бош инспектори.