ЧЎЛЛАШИШ

Маълумки, 17 июнь – Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни, деб эълон қилинган. ХХ асрнинг ўрталаридан бошлаб инсониятнинг ҳисоб-китобсиз ҳаракат қилиши, беҳисоб ер ўзлаштирилиши, кўплаб завод-фабрикалар, янги-янги сув иншоотлари қурилишлари табиатга, ҳайвонот ва наботот оламига жиддий таъсир кўрсатиши салбий оқибатларни келтириб чиқармоқда. Натижада ҳаво ифлосланмоқда, тупроқ структураси ёмонлашмоқда, айрим жониворлар турлари йўқолиб бормоқда, «Иссиқхона самараси», «Озон туйнуги», «Чўллашиш» ҳодисалари содир бўлмоқда.

Ҳозирги даврда табиий ва сунъий омиллар таъсирида ҳосилдор ерлар ва яйловларнинг сувсизликка учраб, чўлга айланиши «чўллашиш», деб аталади. Бунинг оқибатида инсонни, ҳайвонот оламини боқаётган ерлар яроқсизланиб боряпти. Бугунги кунда жами 9 млн. кв.км. майдон чўлга айланган. Йилига ўртача 21 млн. гектар ер чўллашиб бормоқда. Бунинг 6 млн. гектари суғориладиган ерлар ҳисобига тўғри келади. Мазкур кўнгилсизликларнинг олдини олиш борасида халқаро миқёсда кўплаб тадбирлар, чоралар ишлаб чиқилиб, муайян ишлар амалга оширилмоқда. Кения давлати пойтахти Найробида чўллашишга қарши курашни мувофиқлаштирувчи халқаро ташкилот фаолият олиб бормоқда.

Бироқ Ер шарини ҳалокатдан асраб қолиш 5-10 та давлатнинг ёки қайсидир халқнинг эмас, бутун дунё мамлакатлари ва халқларининг, жумладан, биз ўзбекистонликларнинг кечиктириб бўлмас, долзарб ва масъулиятли вазифасидир.

Нигора ИБРАГИМОВА, 36-мактабнинг география фани ўқитувчиси.