БАРАКАЛЛА, АСАДИЛЛО

«Тил билган – эл билади», нақлига амал қилувчи Aсадилло Нурматов тенгдошлари орасида фаоллиги боис мактабни битирмасидан олдин Кореянинг Инчеон шаҳрида жойлашган Инҳа университетига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинди. Билимга меҳр қўйишида унинг бобоси Нурматжон ака катта роль ўйнади. Бола бошидан, деганларидек, у мактаб даврида фан олимпиадаларида, фестиваль ва танловларда доимо ғолиблар сафида бўлган. Инглиз тилини пухта билганлиги боис IELTS имтиҳонидан 6,5 баллни қўлга киритди ва муддатидан олдин талаба бўлди. У келажакда «Халқаро бизнесмен» бўлиш, Корея давлатидаги ислоҳотларни юртимизда ҳам жорий қилиш ниятида. Ҳозирги кунда унга Сингапур, Aвстралия, Германия, Ҳиндистон, Япония ва Хитой давлатларидаги нуфузли университетлардан ҳам таклифлар тушмоқда.

«Инглиз тилидан ташқари корейс ва рус тилларида ҳам мукаммал сўзлаша оламан. Келажакда турк тилини ўрганишни ният қилиб қўйдим. Мен устозларимнинг панд-насиҳатлари орқали шу натижаларга эришдим. Бунинг учун, аввало, ота-онамга, мактаб жамоасига, устозларим Дониёр Тошпўлатов ҳамда Ботиржон Ёқубжоновларга чуқур миннатдорчилик билдираман ва улардан бир умрга қарздорман», – дейди Aсадилло. Ўйлаймизки, бўлажак бизнесмен устозлари ишончини оқлаган ҳолда юртимиз корига ярайдиган  яхши кадр бўлиб етишади.