МУТОЛАА ЁШЛИК ЭЛИКСИРИ

Бир гуруҳ шотланд олимлари китоб мутолааси воситасида депрессия – тушкунлик касаллигини даволашга уриниб кўришди. Натижалар эса ҳайратомуз: ушбу касалликнинг бирмунча оғир турларини ҳам тиббий дори-дармонларсиз, яхши, қизиқарли асарлар мутолааси орқали тузатиш мумкин экан.

Тажриба жараёнида депрессиядан азият чекаётган 2500 нафар киши қатнашди. Олимлар кўнгиллиларни икки гуруҳга бўлишди: биринчи гуруҳдагилар тушкунликни енгиш учун антидепрессантлардан фойдаланишди. Иккинчи гуруҳга эса китоб ўқиш ёрдамида даволаш усули тавсия этилди ва улар мутолаа билан мунтазам шуғуллана бошлашди. Роппа-роса 4 ойдан кейин ўтказилган текширувда эса биринчи гуруҳдан фақат 25 фоиз киши депрессиядан халос бўлгани аниқланди. Иккинчи гуруҳда эса бу кўрсаткич 40 фоизни ташкил этди.

Бир йилдан сўнг қайта ўтказилган текширув натижалари шуни кўрсатдики, китоб мутолааси орқали даволанганлар ўз ҳолатини антидепрессант қабул қилганларга қараганда яхшироқ назорат қила бошлаган. Бу эса китоб мутолааси депрессиянинг турли босқичларида ҳам бирдай самарали таъсир кўрсатишини исботлади.

Бугун тиббиёт мутахассисларининг кўпчилиги мутолаанинг депрессия, уйқусизликни даволашда катта нафи борлиги, турли вазиятларда инсоннинг ўз ҳиссиётларини назорат қила олишига ёрдам беришига ишонади. Библиотерапия мавзусидаги диссертация муаллифи шифокор Пьер-Андре Бонне шундай таъкидлайди: «Мен кўригимга келган беморларга тиббий дори-дармонлар рўйхати билан бирга ўқиш тавсия этилган китоблар муқоваси расмини ҳам бераман. Кейинги гал келишганида эса беморлар билан бу асарларни муҳокама қиламиз. Шунда маълум бўладики, улардан аксарияти китобдан ўзининг соғайиши учун даво топади».

Юқоридаги каби тадқиқотлар натижалари олимларни қуйидаги хулосаларга олиб келди:

китоб ўқиш хотирани яхшилайди, мияни ривожлантиради ва ақлий қобилиятни ўстиради. Мутолаа – мия учун энг яхши машқ, у мияга қабул қилинган ахборотнинг сақланишини таъминлайдиган асаб толаларини кўпайтиради. Тадқиқотларнинг кўрсатишича, ақлий фаолликнинг пасайиши мутолаани севадиганларда бирмунча кам кузатилар экан.

Немис экспертлари эса мутолаани ёшлик эликсири, деб аташмоқда. Улар ёш улғайганида ҳам, ҳатто кўриш қобилияти пасая бошлаганида ҳам китоб ўқишдан тўхтамасликни тавсия этишяпти. Мунтазам ўқиш одам миясини ривожлантиради, чунки бу тадбир мияда янги синапслар – асаб тўқималари ва бошқа ҳужайраларни ўзаро боғлайдиган толалар ҳосил бўлишига олиб келади. Бу эса бутун организмнинг фаолиятини яхшилайди. Китобдан олинган таассуротни бошқалар билан ўртоқлашиш эса янада яхшироқ натижа кўрсатади.

Хуллас, бу каби тадқиқотлар давом этмоқда. Биз эса қайта-қайта ота-боболаримиз китобга бежиз ошно бўлмаганини ўзимизга фахр билан таъкидлаб қўйишимиз мумкин. Зеро, қадимда узун қиш кечалари даврачироқ ёруғида, ёз тунларида ой шуъласида давом этган оммавий китобхонлик боболаримизга чексиз завқ, кўтаринкилик бахш этгани шубҳасиз. Бу эса, ўз навбатида, саломатлик гарови эканлигини Абу Али ибн Сино каби ҳакими ҳозиқлар ўз асарларида аниқ-равшан қилиб ёзиб қолдиришган.

Гулчеҳра ЯКУББАЕВА,

Зоҳида ҚОДИРОВА, 8-мактаб ўқитувчилари.