ЎЗАРО ТАҲЛИЛ ПЕДАГОГНИ «ЧАРХЛАЙДИ»

Педагог тажрибасининг ошириб борилиши, маҳоратининг чархланишида ўзаро дарс кузатувлари, таҳлилларининг ўрни беқиёс.

Кейинги пайтларда ўқитувчилар бир-бирининг дарс кузатишлари амалиётига эътибор сустлашгандай, назаримда. Мактабга янги ишга келган педагог таҳлил дафтарини турли йўллар билан тўлдириш амалиётини ўзлаштирмоқда. Бу эса тажрибали ўқитувчиларнинг ушбу жараёнга  бефарқлиги ёки хайрихоҳлиги оқибатида юзага келмоқда.

Кузатилган ҳар бир машғулот педагог учун янги кўрилган фильм ёки спектакль каби таассурот қолдириши лозим. Бу жараён худди футболчи бошқа матчларни, боксчи рақибларининг ўзаро жангини кузатишдай, қўшиқчи бошқа ҳофизни мароқ билан тинглагандай гап.

Бундан ташқари, кузатилган дарсда ҳамкасбларнинг ўзаро тажриба алмашиши учун катта имконият яратилади. Агарда таҳлилларга таянадиган бўлсак, бу интернет тармоқлари орқали кўр-кўрона  ўзлаштирилган янги  дарс методларини қўллашдан-да самаралироқ таъсир кўрсатади.

Шу боис дарс таҳлили масаласига мактабларда ташкил этилган методбирлашмалар алоҳида эътибор қаратишлари, ўтказиладиган педагогик кенгашларда бу масалани долзарб мавзу сифатида кўриб чиқилиши даркор.

Нодира ҚЎЧҚОРОВА, 8-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.