ҲАР ҚАРИЧ ЕРДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНАЙЛИК

Муҳтарам Президентимиз ўтган ҳафта вилоятимизга ташрифлари чоғида ғалладан бўшаган майдонларга юқори даромад берадиган сабзавот ва полиз экинлари экиш лозимлигини алоҳида таъкидлаган эдилар. Айни йўналишда туманимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда? Туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими мутахассиси Комилжон Мамадалиев билан суҳбатимиз ана шу мавзуда бўлди.

-Комилжон ака, ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экин экиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилганми?

-Албатта, бу масалага ҳар йилгидан фарқли равишда ёндашиляпти. Бунда Юртбошимизнинг шу йил 1 июндаги «2017 йилда бошоқли дон экинларидан бўшайдиган майдонларга такрорий экинларни жойлаштириш, экиш учун талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини ўз муддатида етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳуқуқий асос вазифасини бажармоқда. 6242 гектар майдонда такрорий экин етиштириш режалаштирилган. Дуккакли экинлар учун 2996, сабзавотлар учун 1300, чорва озуқаси учун 866, шоли етиштириш учун 184 гектардан майдон ажратилди. Бугунги кунгача шоли экиш режаси бажарилди. Сабзи, карам, картошка, кунгабоқар, помидор, ловия, мош, маккажўхори ва бошқа экинларни экиш ишлари жадал олиб бориляпти. Уруғ қадаб бўлинган майдонларда уларни тўлиқ ва сифатли ундириб олиш чораларини кўряпмиз.

-Ғўза парвариши ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?

-Бу йил 7039 гектар майдонга чигит экилган. Ҳозирги кунгача барча майдонларда 6-7 мартадан ғўза қатор ораларига ишлов бе-рилди. Икки марта азотли ўғит билан озиқлантирилди, уч марта суспензия сепилди, олти марта бегона ўтларга қарши ўтоқ ва чопиқ ишлари амалга оширилди. Жазирама ҳароратни ҳисобга олиб, суғориш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз.

Ҳисоб-китобларимизга қараганда, 967 гектар майдонда 1-2, 4100 гектар майдонда 3-4, 1716 гектар майдонда 5-6 донадан кўсак яратишга эришилди.

-Агротехник тадбирларда сусткашликка йўл қўяётган фермер хўжаликлари ҳам борми?

-Афсуски, бундай ҳолатлар ҳам мавжуд. Яъни, 20 та фермер хўжа-лиги тасарруфидаги 202 гектар майдондаги ғўза ниҳоллари ривожланишдан орқада қолган. Бундай қолоқ фермерларга туман ҳокимлигидан вакиллар бириктирилган. Ўйлаймизки, улар ҳар кунни ғанимат билиб, мўл ҳосил учун астойдил меҳнат қиладилар.

-Айни кунларда бажарилаётган агротехник тадбир – чеканка қилиш тартиби ҳақида ўз тавсияларингизни берсангиз.

-Ҳозирда кунига ўртача 250-300 гектар майдондаги ғўза чеканка қилиняпти. Бу яхши, албатта. Лекин ушбу агротехник тадбирнинг миқдор ва сифат кўрсаткичи бир-бирига мутаносиб бўлиши мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Бунинг учун агротехникани чеканкага мослаб олиб бориш керак. Бунда ғўзага охирги минерал ўғит бериб якунланган, суғорилган ва намида культивация қилинган бўлиши талаб этилади. Чанқаган майдонларда чеканка қилиш агротехникага зид ҳисобланади. Шунингдек, чеканкадан чиққан майдонларга минерал ўғит солиш қатъиян тақиқланади. Чеканкани белгиланган ҳосилдорлик ва кўчат қалинлигига қараб ўтказилади. Масалан, 20 ц/га атрофида ҳосилли ёки гектарига 120 минг туп кўчат бўлган камунум майдонларда 10-11 та шохда, 25-28 ц/га бўлган майдонларда 12-13 шохда, 30 ц/га ва юқори ҳосилли майдонларда 14-16 шохда чеканка қилинади. Чеканка ўтказиладиган майдон бир йўла танланмай, ўсув нуқталари чилпиб олинади. Чеканкани фақат пудратчи ёки шу ишга лаёқати бор ишчи-хизматчилар амалга ошириши шарт. Албатта, ғўзанинг чимдиб олинган қисми майдондан ташқарига чиқариб ташланиши лозим. Сифатсиз чеканка қилиш, ўсув нуқталарини 1-2 барг билан юлиб олиш, эгат ичига ташлашга йўл қўйилмайди. Ўсув нуқталари хирмонга чиқарилади (чунки кўсак қурти тухумларини айнан ўсув нуқтасига қўяди). Ғўзанинг ён ўсув шохларини чеканка қилиш шарт, трипс еган бачки ҳосилсиз шохларни қирқиб олиш зарур. Чилпиш сифатли ўтказилган майдонларда пахта ҳосили мўл, сифати юқори бўлиши билан бирга, теримни ёғин-сочинли кунларга қолдирмай, қисқа муддатда якунлаш, маҳсулотни юқори навларга сотиш, пировардида иқтисодий самаранинг ортишига олиб келади.

Расулбек УММАТОВ суҳбатлашди.