УМР КУШАНДАСИ

Гиёҳвандлик воситаларининг катта миқдорда етиштирилаётгани ва сайёрамиз бўйлаб шиддат билан тарқалаётгани келажаги учун қайғурадиган ҳар бир миллатни ташвишга солиши, шубҳасиз. Бугунги кунда дунёда аср вабоси, деб аталаётган гиёҳвандлик исканжасига тушганларнинг аксарият қисми 15-35 ёш орасида бўлган йигит-қизлардир.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича халқаро ҳамжамият олдидаги ўз мажбуриятларини тўлиқ бажармоқда.

Юртимизда наркотик моддаларни истеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш масаласига давлат ва миллатнинг эртасини ҳал этувчи омиллардан бири сифатида қараб келинмоқда.

Аввало, бу каби саъй-ҳаракатларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш учун қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги ҳамда БМТ конвенцияларини ратификация қилиш ҳақидаги қонунлар қабул қилинди. Бундан ташқари, Наркотик моддаларни назорат қилиш давлат комиссияси тузилди.

Ушбу дастур асосида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар ва бошқа ваколатли идоралар наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш бўйича аниқ мақсадли комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга, шунингдек, бу иллат тарқалишининг олдини олиш, идоралараро ва халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари трансмиллий наркогуруҳларни фош этиш ва фаолиятига чек қўйиш, контрабанда каналларини аниқлаш, гиёҳвандлик экинларини йўқ қилиш бўйича махсус операцияларни ўтказиб келмоқда. Хусусан, мунтазам ўтказиб келинаётган «Қорадори» операциялари давомида таркибида наркотик моддалар бўлган ўсимликларни ғайриқонуний равишда етиштириш, сақлаш ва шу каби ҳолатлар аниқланмоқда.

Мамлакатимизда қўлланаётган амалиётга кўра мусодара этилган наркотик воситалар Давлат комиссияси аъзолари ва барча суд-ҳуқуқ тартибот органлари, БМТ, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида тегишли тартибда йўқ қилинмоқда.

Ваҳобжон АСРАБОЕВ, туман ИИБ ЖҚБнинг катта тезкор вакили, капитан.