ҲАР СОҲАДА НАМАНГАН ЙИЛИ БЎЛСИН
26-27 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилоятига ташрифи ва вилоят фаоллари, тадбиркорлар, жамоатчилик вакиллари билан учрашуви ҳамюртларимизни янги-янги марралар сари руҳлантирди. Камбағалликни қисқартириш, таълим муассасалари битирувчиларини касб-ҳунарга қамраб олиш ва аҳоли даромадларини кўпайтириш бўйича ҳозирги аҳвол пухта таҳлил қилиниб, амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинди.
ДОРИЛОМОН КУНЛАР САРИ
Халқимизда қадимдан «Ҳукмдор қаерга борса, ўша ерда ривожланиш бўлади», -деган гап бор. Бунинг нақадар ҳаётийлигини бугун ҳам кўриб турибмиз.
Президентимиз вилоятимизга, хусусан, қисқа вақтда бир қанча туманларга ташриф буюриб, шундай бир улуғвор ишларга йўл очиб бердиларки, бунинг ортидан келадиган фаровонликни ўйласак, Аллоҳ бизга нақадар оқил, доно, серғайрат ва юртпарвар йўлбошчи берганига шукроналар айтамиз.
Саноат, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик, тадбиркорлик, аҳоли бандлигини ошириш, хотин-қизлар, ёшлар масалаларидаги кўплаб муаммолар ечимини белгилаб бердилар. Иншоаллоҳ, яйраб яшайдиган замонлар яқин.
Орифжон ҒАФУРОВ,
Баҳриддин ТОШБОЕВ,
меҳнат фаҳрийлари.
ҚЎЛНИ ҚЎЛГА БЕРИБ…
Юртимиз қадимдан тадбиркорлар юрти бўлиб келган. Ҳунармандлар, ер эгалари ўзини ва элни едирган, кийдирган. «Қизил империя» бунга барҳам бериш билан халқимизни эркин меҳнатдан, фикрлашдан, бизнес юритишдан маҳрум қилган ва мажбурий меҳнатга жалб этган эди. Шу туфайли ҳам у тузум охирида парокандаликка учради. Юрт ободлиги, халқ фаровонлиги кўп жиҳатдан тадбиркорликка боғлиқлигини давримиз кўрсатиб турибди.
Фахр билан айтиш мумкинки, бугунги ўзбек тадбиркорига яратилаётган қулайликлар кўп давлатларда мавжуд эмас.
Юртбошимиз Наманганга ташрифлари чоғида яна қанчадан-қанча имкониятлар борлигини аниқлаб, кўрсатиб бердилар. Туманларимиз шароитидан келиб чиқиб, иссиқхоналар, боғдорчилик, балиқчилик, жун етиштириш, саноат корхоналари қуриш, заргарликни ривожлантириш бўйича бошланган ишлар ўз самарасини берса, ҳаётимиз, турмушимиз бундан-да гўзал бўлиши, шубҳасиз.
Қўлни қўлга бериб ишлаш вақти келди, азизлар!
Авазбек АБДУЛЛАЕВ,
туман Кенгаши депутати.
ЁШЛАР ЮРТБОШИ ЭЪТИБОРИДА
Баъзи бир ғарб давлатларидан фарқли ўлароқ, бизнинг юртимизда ёшларга ғамхўрлик қилиш, уларнинг замон талабидаги етук, билимли, ҳунарли бўлиб етишуви, нонини ҳалол топиб ейиши учун шароит яратиш, қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Бу борада охирги тўрт йил ичида оламшумул ўзгаришлар содир бўлди.
Муҳтарам Президентимиз қаерга борсалар ҳам, энг аввало, ёшлар масаласини жиддий муҳокама этадилар.
Вилоятимизга ташрифлари чоғида ҳам бизларни илм, ҳунар эгаллашимиз, иш билан таъминланишимиз, маърифатли бўлишимиз, бахтли ҳаёт кечиришимиз учун зарур бўлган барча қулайликлар эшигини очиб бердилар.
Юртбошимизнинг ёшлар ўртасидаги жиноятчилик, ўз жонига қасд қилишнинг камаймаётганидан ташвиш чекишлари бизга сабоқ бўлмоғи лозим. Инсон яратувчилик билан шуғулланса ҳам, жиноят қилса ҳам куни ўтади. Шундай экан, ўйлаб, ақл билан иш тутсак, эл-юрт корига камарбаста бўлсак, ғоят улуғ иш бўлади.
Жавоҳир ДЕДАМИРЗАЕВ, Ўзбекистон ФА тарих институти таянч докторанти.

