КЕНГ ЖАМОАТЧИЛИК – КАТТА КУЧ

Маълумки, жорий йилнинг 9 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида ички ишлар органлари фаолияти тизимида мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтганди. Мазкур йиғилишдан келиб чиқиб, вилоят ва туман ҳокимлари, вилоят ИИБ, туман ИИБнинг қарор ва фармойишлари ишлаб чиқилди ва ҳафтанинг ҳар пайшанбаси «Жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни» этиб белгиланганди.

Мана, орадан беш ой муддат ўтди. Бу борада тизимимизда катта ўзгаришларга қўл урилди. Аввало, содир этилган ҳуқуқбузарлик, жиноят кенг омма эътиборига ҳавола қилинди. Мазкур жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, унинг олдини олиш, барҳам бериш масалаларига ҳамкорликда ечим изланди, мутасадди ташкилот, муассаса ва идораларнинг бу борадаги роли кучайтирилди.

Ўтган ҳафтада туманимизда ташкил қилинган тадбирларга 472 нафар соҳа мутасаддиси жалб этилди. 330 та хонадонга ташриф буюрилди. 6 нафар якка-ёлғиз қария, 112 нафар муқаддам судланган, 36 нафар узоқ муддатли са-фардан қайтган, 64 нафар турли муаммо ва камчиликлари мавжуд шахс билан мулоқотлар ўтказдик. Жиноят содир этиб, тергов ва суд органларидан яширинган айбланувчиларнинг оила аъзолари ва яқин қариндошларига амалдаги қонунлар, амнистия акти, бошқа ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, шахсга енгиллик берувчи нормалар ҳақида тушунчалар бердик. Бу борада МФЙ фаоллари иштирокида тарғибот тадбирлари ўтказилди. Бунда асосий эътибор Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Террорчи гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон фуқароларини жисмоний жавобгарликдан озод қилиш тўғрисида»ги Фармонининг мазмун-моҳиятини очиб беришга қаратилди.

Муродилла ЮНУСОВ,

туман ИИБ бошлиғининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари, подполковник.