ТЎЙГА ТЎЁНА БИЛАН

Туманимиз аҳли жонажон юртимизнинг энг улуғ, энг азиз тантанаси – Давлат Мустақиллигининг 29 йиллиги ҳамда Уйчи тумани ташкил топганлигининг 85 йиллигини муносиб қарши олиш, бу қўшалоқ байрамни ифтихор ила кўтаринки руҳда, яратувчанлик ишларида улкан зафарлар билан нишонлашга қизғин киришган. Буни бугунги шукуҳли кунларда лафзи ҳалол, серҳиммат ғаллакорларимиз ҳам меҳнатда улкан зафарларга эришиб, яна бир бор исботладилар.

Улар аҳдларига вафо қилган ҳолда 29 июнь куни ғалла етиштириш бўйича шартномавий режани ортиғи билан адо этдилар. Мавсум давомида виждонан қилинган машаққатли меҳнат ўз самарасини берди: 6425 гектар ғалла майдонидан 46000 тонна дон йиғиштириб олинди. Шундан 21223 тонна ўрнига 21378 тонна товар дон сотилди. Режа 101 фоизга бажарилди. Ҳосилдорлик 72 центнерданга тўғри келди.

Деҳқон учун ҳеч бир йил осон бўлмаган. У доимо табиат билан курашиб, мақсадга етади. Буғдой экинлари парваришида қишнинг камёғин, қуруқ келганлиги, баҳорда ёғингарчиликнинг меъёрдан ортиб кетиши анчайин қийинчилик туғдирди. Шундай бўлса-да, миришкор фермерларимиз, уларга елкадош бўлган кўплаб мутахассислар ҳар бир тадбирни оқилона амалга ошириш билан мўлжалдаги ҳосилни етиштиришга эришдилар. Шу ўринда буғдойни экишдан бошлаб ўриб-йиғиб олгунга қадар ўз ҳаётий тажрибалари, билимлари билан яқиндан ёрдам берган меҳнат фахрийларининг сидқидилдан берган кўмак ва маслаҳатлари учун уларга туман ҳокимлиги ва фермерларимиз номидан чуқур миннатдорчилик изҳор қиламиз.

Етиштирилган мўл ҳосилни нобуд қилмай, қисқа вақтда йиғиштириб олиш учун пухта ҳозирлик кўрилди. 25 та ўрим отряди ташкил этилиб, мавжуд 25 та комбайн бириктирилди. Отрядларга фидойи раҳбарлардан отряд раҳбарлари қўйилди. Бугунги қувончли онларда намунали иш ташкил этиб, белгиланган марранинг барвақт эгалланишида жонбозлик кўрсатган 171, 172, 177, 178, 179, 184, 187, 188, 190, 192-отрядлар раҳбарлари Олимжон Жакбаров, Давлатали Маматалиев, Аҳадулла Раҳматулла, Шавкатжон Ҳожимирзаев, Собитхон Зиётов, Анваржон Отақўзиев, Акрамжон Абдуғаппаров, Раҳматулла Набиев, Ҳалимжон Темиров, Бахтиёр Эгамов номларини ҳурмат билан тилга оламиз.

Кейинги йилларда муҳтарам Юртбошимизнинг фермер ва деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш борасида кўрсатаётган ғамхўрликларидан илҳомланган бир қатор фермер хўжаликларимиз юқори натижаларга эришдилар. «Замин», «Матлуба фарзандлари Шокиржон ва Собиржон», «Охунбобоев омад», «Қаҳрамон омад», «Барногул зиё файз», «Уйчи Янгиер саховати», «Абдумалик», «Мастура Зилол Гулистон», «Тўйчи ота», «Мусаффо диёр миришкори», «Соҳиби зиё нур саховати», «Камрон соф толаси», «Сайлихон-Жавоҳир орзулари», «Илҳомжон Бозорбоев», «Миришкор Ғайрат обжувози», «Файз барака – 2018» фермер хўжаликларида сара уруғ тайёрланиб, мўлжалдагидан кўп ҳосил олинди.

Жамиятда шундай инсонлар борки, улар Ватан, эл тинчлиги, хавфсизлиги йўлида кеча-ю кундуз хизмат қиладилар, юртда қандай умумхалқ иши бўлса, ҳозиру нозирдирлар. Булар осойишталик посбонлари бўлиб, ҳар йили ғалла ўримини хавф-хатарсиз, талон-торожсиз, тартибли ўтказиш учун хизмат вазифаларини сидқидилдан адо этадилар.

Режа юз, юзлар ёруғ бўлди, омборлар донга тўлди, иншоаллоҳ, даромадлар ҳам меҳнатга яраша бўлади. Далаларимизда ҳали ҳосил бор. Тез кунларда қолган майдонларни ҳам нобуд қилмай, ўриб олинади. Ғалладан бўшаган майдонларга такрорий экинларни экиш ишлари ҳам жадал олиб борилмоқда. Ғаллачиликдаги ғалаба барчамизга муборак бўлсин!