ИСТИҚЛОЛ БЕРГАН НЕЪМАТ

Мустақиллик йилларида халқимиз эришган энг катта бойликлардан бири бу тинч-тотув ҳаётимиздир. Истиқлол ҳар куни ҳаётимизга ўзгача файзу тароват олиб кирмоқда.

Юртимизда бугун инсон қадри улуғ. Ҳамма нарса инсон ва унинг манфаатига қаратилган. Мустақиллик эл-юртимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди.

Оилада ўғил фарзанд туғилса, ҳар қандай ота-она, биринчи навбатда, унинг улғайиб, эл-юрт учун хизмат қилишини истайди. Ватан ҳимоячиси сифатида камол топиши эса шарафли бурч сифатида қабул қилинади. Бу яхши ният замирида юрт ўғлонининг келгусида шундай шарафли вазифани уддалай оладиган, ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етишининг рўёби ётади, аслида. Бугун Ватанимиз сарҳадларида сергак турган, осмонимиз мусаффолиги йўлида кеча-кундуз хизмат қилаётган ҳар бир аскар юксак ҳарбий тайёргарлик, маънавий билимларга эга бўлган ҳолда ўз хизмат вазифасини адо этмоқда. Эл ана шундай ўғлонларни олқишлайди, ардоқлайди.

Ҳар бир ота-она ўз фарзандини тарбиялар экан, унинг қалбида ватанпарварлик туйғусини сингдириб боради. Чунки эртанги куннинг, келажакнинг эгалари баркамол ёшлардир. Ўзбекистоннинг ёшлари энг бахтли ёшлардир, улар дунёда тенги йўқ озод Ватанда яшаб, камол топмоқдалар. Юртбошимиз томонидан Ўзбекистон ёшларига бўлган юксак ишонч ва чуқур ҳурматни таърифлашга тил ожиз. Улар учун барча имкониятлар яратилган. Бизнинг ёшларимиз бугунги кунда дунё ёшлари билан тенглашмоқда. Бундай имкониятлар, чексиз эҳтиромни қайси давлатда учратиш мумкин, биргина Ўзбекистонда, дея баралла айта оламиз. Мустақил Ўзбекистоннинг сарҳадларини ҳимоя қилиш неча-неча авлодларнинг асрий орзуси эди. Ўзбекистоннинг ҳар бир ёшлари етук, жасур ва матонатли, ўз Ватани учун жонини фидо қила оладиган баркамол авлод бўлиб вояга етмоқдалар.

Эй, она халқимизнинг мард, баркамол ёшлари! Гўзал еру осмон, мафтункор тоғу тошлар, ўрмону боғлар сизникидир! Ортингизда сизлар билан фахрланиб, юксак ишонч билдираётган Юртбошимиз, халқ борлигини ёдда тутинг.

Дилмурод  АБДУҚАҲҲОРОВ,

Республика Маънавият тарғибот маркази туман бўлими мутахассиси.