ЯНГИ МАРРАЛАРНИ КЎЗЛАЙМИЗ
Яқинда пойтахтимиздаги муҳташам Симпозиумлар саройида ўтказилган «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида муҳтарам Президентимиз «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг ўтган даврдаги фаолиятини танқидий баҳолаб, мамлакатимизда ёшларнинг чинакам суянчи ва таянчи бўла оладиган мутлақо янги ташкилот – Ўзбекистон ёшлар иттифоқини тузишни таклиф этдилар.
Янги ташкил этилган ташкилот вазифаларини белгилаб берар эканлар, ёшларни ишончли иш билан таъминлаш масаласида қимматли тавсиялар бердилар. Аввало, тадбиркорликни кенг ривожлантириш, бу борада янги имкониятлар яратиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар маълум қилинди. Мутасадди ташкилотларга ҳар бир туман (шаҳар) марказида Ёшлар тадбиркорлик кластерларини ташкил этиш вазифаси топширилди. Қурултой ўтказилган сана – 30 июнни Ёшлар куни деб эълон қилиниши, турли соҳа ва тармоқларда катта натижаларга эришиб келаётган йигитлар учун «Мард ўғлонлар» деган ном билан давлат мукофоти, йигит-қизларни тақдирлаш мақсадида «Келажак бунёдкори» медалини таъсис этиш, шунингдек, курсантлар мактабларига «Темурбеклар мактаби» номини бериш каби бир қатор таклифларни билдирдилар.
Давлатимиз биз учун барча шароитни, имтиёз ва имкониятни яратиб бермоқда. Демак, бизнинг жавобимиз – фақат яхши ташаббуслар кўрсатиш, фидойи бўлишдан иборатдир.
Мунаввар АБДУРАҲМОНОВА,
ЎзМТДП туман партия ташкилоти етакчи мутахассиси.

