ҚОЛИПЛИ НОН ПИШИРИШ ТАРТИБГА ТУШДИ

Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Наманган вилоят бошқармаси ва монополияга қарши курашиш қўмитаси Наманган вилоят ҳудудий бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятда фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектларда дори-дармон нархлари ва қолипли нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича кузатув йўли асосида мониторинглар ўтказиб келинмоқда. Жумладан, фуқароларнинг вилоят ҳудудидаги айрим қолипли нон маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан кам вазнда қолипли нон ишлаб чиқариб, сотаётганликлари юзасидан қилган мурожаатларни инобатга олган ҳолда департамент ва ҳудудий бошқарма ҳамкорликда ўрганишлар ўтказди. 

Ўрганиш натижаларига асосан Наманган шаҳрида фаолият юритаётган «Бахтли Диёр» хусусий корхонаси Косонсой туманидаги «Universal Group MSD» МЧЖ, «Ширин файзли нон» ва «Водий нон савдо» оилавий корхоналари томонидан Ўзбекистон Республикаси сертификатлаштириш миллий тизими талаблари, яъни кам вазнда қолипли нон ишлаб чиқариш натижасида Ўзбекистон Республикаси «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 9, 12-моддалари талаблари бузилганлиги бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан юқоридаги корхоналарга белгиланган тартибда иш қўзғатилди. Иш махсус комиссия томонидан кўриб чиқилиб, юқоридаги 4 та хўжалик юритувчи субъектга қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.