АЛЛАЛАМАЙ ҚОЛГАН АЛЛАРИҚ
Адиб Абдулла Жабборнинг «Наманган вилояти» номли маълумотлар тўпламида Аллариқ ҳақида шундай дейилади: «Аллариқ Уйчи шаҳарчасининг шарқий томонида жойлашган. Янгиариқ канали(ШФК)дан сув олади. Уйчи шаҳарчаси ва яқин қишлоқлардаги аҳоли ва экинзорларга сув беради. Оҳиста, одамни аллалагандай оққани учун Аллариқ деб аталган, дейдилар. Узунлиги 7 километр».
Халқ орасида «Ҳатлаб кўр», -маъносида «Ҳатла ариқ»дан олинган деган гаплар ҳам бор. Чунки ариқ кенг ва чуқур бўлган. Катта одам зўрға ҳатлаб ўтган. Ёшлигимизда калла ташлаб чўмилардик. Аллариқ ўтган йилларда собиқ «Зарбдор» жамоа хўжалигининг 50-60 гектар майдонига ва Ҳуррият, Гулзор, Боғ маҳаллаларидаги уч юздан зиёд аҳоли хонадонига сув етказиб берарди. Ариқ ва унинг тармоқлари ҳар йили жамоа хўжалиги томонидан кавлаб, тозаланар эди.
1990 йилда Аллариқ бошланишининг атрофидаги ерлар аҳоли учун уй-жойга бериб юборилгач, ариқ эгасиз қолди. Одамлар ариқнинг 3 метрли ҳимоя зонасини ҳам қўшиб, уни ҳовлилари ичига ўраб олдилар. Ҳар ким ўзи хоҳлаганича бетонлади, қувур ётқизди, хуллас, дахлсиз Аллариқни ўз измига солди. Айримларнинг нотўғри кўмган қувурлари туфайли қўшнилар девори қулаб тушди. Энг ачинарлиси, баъзи фаросати ғовлаган, одамийликдан йироқ кимсалар ҳовлисидаги чиқинди сувларни Аллариққа ўнглаб қўйган. Эрталаб, кечқурун разм солинса, сув юзида чанг-тўзон, турли нокерак нарсалар оқиб келади. Демак, инсоф доирасидан ташқаридаги одамлар ҳовлисини бемалол ариққа супурадилар. Водопровод суви тўхтаганда, аҳоли албатта ариқ сувини ичишларини ҳисобга олсак, бу ҳолат қанчалар разолат эканлигини англаш қийин эмас.
Ариқ торайиб, саёзлашгач, сув камайган. Одамлар ҳовлисини суғориш учун сув талашишлар содир бўлиб туради. Айрим худобехабарлар қўшнисига ҳовлисидан юз йиллардан бери ўтиб турган сув йўлини «ҳовлим захлаб кетди», -деган баҳона билан кўмиб ташлаганлар. (Аслида ҳовлиси эмас қалби захлаган!) Табиийки, сувсиз қолган фуқаролар ҳовлисини водопровод сувида суғормоқда. Тоза ичимлик суви дунё миқёсида глобал муаммо бўлиб турганда, тозаланган сувни экинга оқизиш ҳам исрофгарчиликдан бошқа нарса эмас. Аллариқнинг шарқий томонидаги Дамариқнинг тақдири ҳам собиқ «Зарбдор» жамоа хўжалигининг «доно» раҳбарлари-нинг «кашфиёти» туфайли аянчли ҳолга тушиб қолган.
Муҳтарам Президентимизнинг ҳар бир қарич ердан оқилона фойдаланиш бўйича кўрсатмаларини ижро этиш учун сув ғоят зарур омилдир. Талай ҳовлиларда сув муаммоси туфайли экин битмаётгани ҳам бор гап.
Мамлакатимизда қонун устуворлиги таъминланаётган экан, туман ҳокимлиги бошчилигида қишлоқ, сув хўжалиги мутасаддилари, аҳоли саломатлигига масъул идоралар, маҳалла оқсоқоллари, профилактика инспекторларидан иборат гуруҳ тузилиб, муаммо ўрганилса, Аллариқ дахлсизлиги таъминланса, ҳашар йўли билан тозаланса, кенгайтирилса, аҳоли ҳам, фермерлар ҳам сувга сероб бўладилар, сув тоза ва мусаффо оқади, далалар, ҳовлилар яшнайди, неъматлар мўл-кўл бўлади.
Каналдан чиққан қувур ўша мўл сув берган олдинги ҳолида турибди.
Ҳа, айтганча, «ариқ» сўзининг маъноси қадимги туркий тилда «тоза», «шифобахш» деган маънони ифодалаган. Ўринбой МЎМИНОВ.

