ЭРКИМИЗ ЎЗ ҚЎЛИМИЗДА

Узоқ ўтмишли инсоният тарихида жамиятнинг бир тузумдан иккинчисига ўтиш жараёни жуда катта тўқнашувлар, қарама-қаршиликлар, талафотлар эвазига амалга оширилган. Ушбу уринишларнинг бари бир мақсадга – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган.

Ўтган ХХ асрнинг иккинчи ярмига келиб, яъни Иккинчи жаҳон урушидан сўнг ушбу муаммо ер юзида узил-кесил ҳал этилди. Ҳар бир минтақа, ҳар бир мамлакатда ўз фуқароларининг озодлиги, эркинлиги таъминланадиган қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий қилинди. Афсуски, ушбу масала асримиз бошига келиб ўзининг янги шакли, қиёфасида намоён бўла бошлади. Ҳозирда қулликнинг замонавий кўриниши дея эътироф этилаётган одам савдоси халқаро ҳамжамиятнинг бошини қотираётган долзарб муаммога айланиб қолди.

Одам савдоси бизнеси қурол-аслаҳа ва наркотик моддалар савдосидан кейинги учинчи ўринни эгаллаб турибди. Ундан азият чекаётган миллионлаб кишилар орасида аёллар, вояга етмаганлар сонининг йилдан-йилга кўпайиб бориши ўта ташвишли ҳолдир.

Юртимизда ҳам одам савдосига қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Жойлардаги ҳокимлик вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан аҳоли орасида кенг қамровли тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Бировнинг эркига тажовуз қилган шахслар аёвсиз жазоланмоқда. Таълим муассасаларида одам савдосига қарши ёшлар онгида иммунитетни шакллантириш ишларига алоҳида урғу берилмоқда. Шунга қарамай, ушбу жиноятдан жамиятимизни фориғ қилиш масаласи долзарблигича қолмоқда.

Кўп ҳолларда одам савдосининг илдиз отишига ундан жабр кўрганлар ўзлари кўмаклашиб юбормоқдалар, десак айни ҳақиқат бўлар эди. Чунки улар кимларнингдир пуч ваъдаларига ишониб, оз вақт, кам меҳнат ва куч сарфи эвазига мўмай пул топиш илинжида ушбу жиноят хайрихоҳлари тўрига илиниб қолмоқдалар.

Юртимизда инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек: «Дунёнинг қайси бурчагида бўлмасинлар, биз ўз фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиламиз».

Бунинг учун эса хорижий давлатларга бориш-келиш, ташқи меҳнат миграцияси каби масалаларда амалдаги тартиб-қоидаларга бўйсуниш кераклигини ҳар бир ҳамюртимиз ёдда тутиши лозимдир.

Ҳусниддин ҲАКИМОВ,

туман прокурорининг ўринбосари.