«ХУДОЙБЕРДИ ЭШОН» МАСЖИДИ ТАРИХИ
Мазкур мақолани гарчи кўпчиликка маълум бўлса-да, ҳозирги ёшлар оммасини эътиборга олиб, «масжид» сўзининг луғавий маъносини шарҳлашдан бошламоқни лозим топдик. «Масжид» (халқ тилида мачит) – арабча сўз бўлиб, сажда қилинадиган жой маъносини ифодалайди. Масжид мусулмонлар кундалик беш вақт намозни жамоат бўлиб ўқишлари учун мўлжалланган. Жума ва ҳайит номозлари жоме масжидларида адо этилади.
Тарихда биринчи масжидни Мадина шаҳрида Муҳаммад (САВ) қурдирганлар. Шундан сўнг дастлаб шаҳарларда, сўнг қишлоқларда ва маҳаллаларда барпо этилган.
«Худойберди эшон» масжиди ҳақида сўзлашдан олдин бу шахс ҳақида халқ орасида юрган фикр-мулоҳазалар билан танишамиз. Баъзилар уни уйчилик десалар, айримлар Уйчига куёвлигини айтадилар. Бу инсон камбағал оила фарзанди бўлса-да, иқтидори, илмга чанқоқлиги боис Бухоронинг «Мирараб» мадрасасида таҳсил олган. Қийинчилик, ночорлик, юпунликларга бардош бериб, имкон қадар аъло ўқишга ҳаракат қилган.
Кунларнинг бирида унинг илмга иштиёқи ва ночор аҳволидан хабардор бўлган бир маърифатли инсон Худойбердини бойлар тўпланган гаштакка олиб боради. Нуфузли бир бойнинг ёнига ўтқазадилар. Гаштак давомида бой толиб йигитнинг илму одоби ва иқтисодий аҳволидан хабардор бўлиб, сабр-тоқатига таҳсинлар айтади, унинг харажатларини зиммасига олади. Худойберди эшон мадрасани энг пешво толиби сифатида тамомлайди. Ҳомий бой ва бошқа бойлар, мударрислар унга катта миқдорда ҳадялар берадилар. Мулла йигит бу ҳадялар Аллоҳ томонидан инъом этилди, деб ҳисоблайди ва Аллоҳ йўлида сарфлашга аҳд қилиб, Уйчига келади. Ўтган аср бошларида ҳозирги Навоий МФЙ Маданият кўчасидаги собиқ «Худойберди эшон» масжидини қурдиради, масжид унинг номи билан аталиб, фаолият кўрсатади.
Октябрь инқилобидан сўнг ўрнатилган совет ҳокимиятининг динга муросасиз сиёсати туфайли масжидлар ёпилиб, омборларга айлантирилади. Диний уламолар бадарға этилади, турли баҳоналар билан қатл қилинади. «Худойберди эшон» масжиди ҳам қатағон йиллари ёпилиб, қаровсиз қолдирилади.
1942 йил уруш даврида совет армияси ночор, Ленинград қамал ҳолатда қолганда, мамлакат раҳбари И.Сталин барча давлат арбоблари ва диний вакиллар билан танг аҳволни ўнглаш маслаҳатини қилади. Диний вакиллар черков ва масжидлар фаолиятига йўл берилишини, ибодатларда Аллоҳдан нажот сўрамоқ лозимлигини таъкидлайдилар. Шундан сўнг барча республикалар, жумладан, Ўзбекистон ҳукуматига масжидларни очиш ҳақида кўрсатма берилади. Шу вақтда дин ишлари бўйича мутасаддилар Бобохон эшон ва унинг уйчилик маслакдоши Мамажон ҳожи ҳибсхонада эдилар. Кўрсатмага асосан улар озод этиладилар.
1943 йил Бобохон эшон дўсти Мамажон ҳожини йўқлаб Уйчига келади ва дин ишларига изн берилганини айтиб, харобалашган «Худойберди эшон» масжидини очиб, фаолиятини йўлга қўйишни топширади. Масжид Мамажон ҳожи бошчилигида Орифжон махдум, Қора домла ва бир қатор кекса уламолар саъй-ҳаракатлари билан тартибга келтирилиб, ишга туширилади. Етишмовчиликларга қарамай, Жданов номли колхознинг ўша даврдаги забардаст раиси Усмонжон Қамбаров масжидга яқиндан ҳомийлик кўрсатган. (Охиратлари обод бўлсин).
1944 йил ҳукумат томонидан масжиднинг қонуний фаолияти ҳақидаги ҳужжат тақдим этилган.
Кейинчалик масжиднинг шароитларини яхшилаш, қўшимча бинолар қуриш ишларида уста Аҳмадқул Умрзоқов, Шамсиддин полвон, Абдумажид махдум, мулла Абдусалом каби солиҳ инсонлар жонбозлик кўрсатганлар.
Масжидга турли йилларда Қора домла, Орифхон махдум, Исҳоқ қори, Иброҳим махдум, Акмал қори, Абдуқаҳҳор домла, Исроилхон домла, Маҳаммаджон ҳожи, Мўйдинхон афанди Номонгоний, Султон махдум, ҳофизи Қуръон ва олим Раҳматуллоҳ қори Обидов, Каримуллохон домла Иномов каби динимиз пешволари имомлик қилиб, халқни ҳидоят сари йўлладилар. (Шу ўринда совет даврида вилоятда фақат учта: Наманган шаҳрида «Шайх эшон», «Махдум эшон» масжидлари ва Уйчида «Худойберди эшон» масжиди бўлганлигини айтиб ўтмоқ жоиз).
Мустақилликка эришилгунча туманимиз масжидига Балиқчи, Янгиқўрғон, Чортоқ, Учқўрғон, Норин туманларидан намозхонлар келиб, ибодат қилиб кетардилар.
Ватанимиз мустақил бўлгач, «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонунга эга бўлдик. Унга кўра масжидлар ҳар бир қишлоқда қурила бошланди. 1991 йили туман ҳокими Асқаржон Ҳожимирзаев (Аллоҳ раҳмат қилсин) диннинг ривожини, намозхонлар сони ортиб боришини ҳисобга олиб, марказдан 0,54 гектар жой ажратиб, янги масжид қурилишига илк ғиштни қўйиб берди. «Худойберди эшон» масжидининг янги биноси имом Каримуллохон Иномов раҳбарлигида, бош уста Абдувоҳид ҳожи Сайфуллаев етакчилигида, ишбошилар Насриддинхон ҳожи Эргашев, Исмоилхон ҳожи Қосимов, тракторчи Каримжон Сиддиқов, уста Мамасоли Худойбердиевлар жонбозлигида, кўплаб нуроний намозхонлар, ёшлар вакиллари иштирокида халқ ҳашари йўли билан бунёд этилди. Янги масжид 1998 йил 5 августда 5-рақам билан Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтказилди.
Масжидга 1997-2010 йилларда Обидхон қори Пўлатов имомлик қилган бўлса, 2010 йилдан ҳозиргача Исроилхон ҳожи Қирғизбоев раҳбарлик қилиб келмоқда. Унинг имомлик даврида масжид қиёфаси тубдан ўзгарди, қурилиш-таъмирлаш, пардозлаш ишлари меъёрига етказилди, кўп қулайликларга эга таҳоратхона, айвонлар барпо этилди.
Сўнгсўз: масжидимиз тарихига оид эсдаликлари билан ўртоқлашган қадрдонимиз, меҳнат фахрийси Иброҳимжон Исмоиловга чексиз миннатдорчилик изҳор этамиз. Мақолада айрим хатоликлар ёки ноаниқликлар бўлса, уни яхши билган ҳамюртларимиздан тузатишларни кутамиз.
Таҳририят телефони: 69-48-21-475. Ўринбой МЎМИНОВ.

