ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР

Шиддат билан ривожланиб бораётган ахборот макони, ўз навбатида, қонунларни такомиллаштириш, уни замонга ҳамоҳанг тарзда ривожлантиришни тақозо этади. Қонунларни қабул қилиш, уларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишдан кўзланган мақсад ҳам аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилгандир.

Жорий йилнинг 19 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бешинчи ялпи  мажлиси бўлиб ўтди. Сенат аъзолари томонидан 16 та масала, шу жумладан, 9 та қонун кўриб чиқилди.

Сенат томонидан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам муҳокама қилинди.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги, «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги каби бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Жиноят кодексининг сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари айланиши билан боғлиқ жиноий ҳаракатлар учун жавобгарлик кўрсатилган моддасига  таркибида кучли  таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланиб, айбдор беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши ҳақида қўшимча киритилди.

Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келса, айбдор базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача миқдорда жаримага тортилиши, агар болаларнинг мажбурий умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими олишига ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўсқинлик қилинса, БҲМнинг йигирма беш бараваригача миқдорда жарима белгиланиб, жавобгарлик кучайтирилди.

Қонуннинг қабул қилиниши аҳолининг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш ва давлат органларининг ҳам бу борадаги масъулиятини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Санобар ТЎРАБОЕВА, фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг судьяси.