МАҲАЛЛА КИТОБСЕВАРЛАРИ
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида «Маҳалла китобсеварлари» ҳафталигини ташкил этиш ва ўтказиш концепцияси доирасида Ғайрат қишлоғидаги Иттифоқ маҳалла фуқаролар йиғини ва 28-мактаб ҳамкорлигида тадбир ўтказилди. «Оила – маҳалла – таълим муассасаси» ҳамкорлигида ташкил қилинган ушбу тадбир давра суҳбати тарзида бошланди.
Инсон камолотида китобнинг ўрни беқиёс. Китоб фарзандларимиз тафаккурини бойитади, уларда эркин фикрлаш қобилиятини шакллантиради.
Мен мактабдаги етакчилик фаолиятим давомида шунга амин бўлдимки, бугуннинг боласини китоб ўқишга мажбурлаш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Чунки уларнинг назарида бунданда қизиқарли машғулотлар кўп. Техника асрида ўқувчиларни телевизор, компьютер ва телефоннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилувчи самарали йўл уларни китоб билан дўстлаштиришдир.
Китобга меҳр уйғотишда оиланинг ўрни катта. Чунки қуш уясида кўрганини қилади. Агар ота-она китоб ўқиса ва ундан олган билимини фарзандларига ҳам илинса, албатта, бу оилада камолга етаётган болалар мактабда, маҳаллада одоб-ахлоқи, фанларни яхши ўзлаштириши билан ўзини кўрсатади, тенгдошларига ўрнак бўла олади.
Китобнинг ичига қанчалик чуқур кириб борсак, ундан шунчалик кўп билим ва таассурот оламиз. Билимли инсон эса ҳамиша барчага зиё улашади.
Тадбирда ота-оналарга қуйидаги таклифимни билдирдим: «Фарзандингизга китоб совға қилинг ва ички муқовасига тилак ёзиб, шу китобни ўқиб чиқса, ундан жуда хурсанд бўлишингизни айтинг».
Ҳозир китоб дўконлари расталари ранг-баранг болалар китоблари билан тўла. Фарзандингизга бир олам қувонч харид қилишингиз мумкин. Китобни сиз ҳам ўқиб чиқинг ва фарзандингиз билан таҳлил қилинг. Болаларга илинган бир ёки икки соатлик эътиборингиз унинг келажакда буюк инсон бўлишига замин яратади. Китоб бизга беминнат маслаҳатчи, садоқатли ҳамроҳ ва ақлли дўстимиздир. Инсон олам мўъжизалари, табиат инъом этган гўзалликлар, атрофимиздагиларнинг тақдир измидаги шодлигу қайғуларини китоб ўқиш орқали англайди.
Мактабимизда фаолият олиб бораётган ҳар бир педагог ўқувчиларнинг қалбида китобга муҳаббат уйғотиш, уларни ошно этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Тадбирда, шунингдек, маҳалла аҳолиси, уюшмаган ёшлар, 28-мактаб ўқувчилари қатнашиб, ўз фикрларини билдиришди. Иттифоқ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Иброҳим Жўраев, ёшлар масалалари бўйича раис ўринбосари Латофат Холбоева, мактабимиз директори Орифжон Йўлдошев, мактаб кутубхоначиси Махфират Азизова, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раисининг ўринбосари Дилмурод Қамбаров, фаоллардан Роҳила Жабборовалар китобнинг инсон ҳаётидаги ўрни ҳақида мулоҳазалар билдирдилар.
Сайёра ҒАФФОРОВА,
28-мактабнинг ёшлар етакчиси.

