БОЛА ОДОБИ БИЛАН АЗИЗ
Фарзанд инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабининг давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжири ва ота-онага Аллоҳ таоло томонидан берилган неъмат ҳамда омонатдир. Расулуллоҳ (САВ) фарзандларни «Жаннат мевалари», деб тавсиф беришлари бежиз эмас. Фарзанд одобли, яхши фазилатлар соҳиби, итоаткор ва қобил бўлгандагина ота-онасига раҳмат, бахт, хурсандчилик келтиради. Аммо иймони, диёнати, виждони бўлмаган бола жоҳил, нодон, ёвуз, жамият ва эл манфаатларини назар-писанд қилмайдиган худбин кимса бўлиб ўсади.
Миллатимиз учун бундай кимсалар эмас, балки қалби тоза, уйғоқ, илмли ва Ватанга муҳаббатли оқил ворислар зарур. Биринчи Президентимиз: «Биз фарзандларимизни имом Бухорий ҳадислари, Яссавий ҳикматлари, Термизий ўгитлари, Нақшбандий таълимоти асосида тарбиялашимиз керак», -деганларидек, фарзадларимизни Аллоҳдан қўрқадиган, жамиятга фойда келтирадиган, халқига хизмат қиладиган диёнатли инсон этиб тарбиялашимиз келажакда уларнинг комил инсон бўлиб улғайишига замин бўлади.
Азизлар, мусулмон одобига доир «Фарзанд тарбияси ҳақида» китобидаги баъзи бир муҳим жиҳатлар билан танишиб чиқсак:
-фарзандларга меҳрибонлик, раҳм-шафқат кўрсатинг, улар билан юмшоқ муомалада бўлинг, сабабсиз тергаманг, тез-тез уларни бағрингизга босиб, бош-кўзини меҳр билан силаб туринг;
-улар билан мунтазам бўлишга ҳаракат қилинг, машғулотлар ўтказинг, ўйинларига аралашиб туринг, ҳазил-мутойиба қилинг, нутқи ўссин;
-уларни асло қарғаманг, ёмон сўзлар билан сўкиб, қўпол муомалада бўлманг, чунки бу нарсалар фасодга йўлиқтиради. Аксинча, яхши дуолар қилиб, уларга иймон-эътиқод, инсоф, яхшиликлар тиланг;
-боласини калтак воситасида тарбиялашни ўйлаганлар қаттиқ адашади, чунки фарзанд яхши сўзнинг гадоси, ёмон гапириш, калтаклаш болани оиладан, ота-онадан бездиради, холос;
-иложи бўлса, болаларнинг ҳар қайсисига алоҳида ўрин солиш, агар имкон бўлса, қиз ва ўғил болаларнинг хоналарини бўлак қилиб бериш уларнинг тарбиясига ижобий таъсир кўрсатади;
-фарзандингизнинг кимлар билан дўст ва ҳамсуҳбат эканликларига эътиборли бўлинг. Кўчада сабабсиз, бемақсад туриш ва юришларига, сиздан сўрамай, узоқ вақт бирор машғулот билан шуғулланишларига ёки олис жойга равона бўлишларига рухсат берманг;
-болаларингизга уларнинг қурби етмайдиган хизмат ва топшириқларни асло бера кўрманг, чунки улар бажара олмай, ёлғон гапиришлари, ҳийла излашлари, ҳатто ота-онага осий бўлиб қолишлари мумкин.
-фарзандни қиморнинг турли кўринишлари, яъни ўртага пул тикиб ўйналадиган барча ўйинлардан қайтариш даркор;
-агар болаларга атаб бирор нарса олиб келсангиз, тарқатишни энг аввал қизлардан бошланг, чунки қиз бола таъсирчан, кўнгли нозик бўлади;
-уларнинг ахлоқсиз, беҳаё фаҳш суратли газета-журналлар, китоблар ўқишларига, шафқатсизлик, ахлоқсизлик, ёвузликларни тарғиб қиладиган фильм ва томошаларни кўришларига йўл берманг, энг аввало, ўзингиз бу салбий ҳолатлардан четда бўлинг.
Муҳаммаджон МЎМИНОВ,
«Қамбарбойвачча» масжиди имом хатиби.

