ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Ҳожиобод МФЙ ҳудудидаги «Барно ҳумо тараққиёти» МЧЖ томонидан тикувчилик корхонаси барпо этиш жараёни билан танишди.

Тадбиркор Баҳодир Мирзамовнинг билдиришича, ҳозирда фойдаланилмаётган икки қаватли бино таъмирланиб, замонавий кўринишга келтирилди. Чойшаб ва мавсумий кийимлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган мазкур корхона фаолияти йўлга қўйилгач, 120 кишининг бандлиги таъминланади. Умумий қиймати 2 млрд. сўмлик ушбу лойиҳалар рўёби учун 1,5 млрд. сўм банк кредити тақозо этилади. Масала ечими бўйича мутасаддилар вилоят раҳбаридан тегишли топшириқлар олдилар.

Яна бир янгилик: тадбиркор ташаббуси билан Янгиер МФЙ ҳудудидаги «TOPI INDUSTRIAL GROUP» хусусий корхонасида қайта ишланаётган шифобахш топинамбур кукун ҳолатига келтирилиб, бугунги кунда маҳсулот экспорти бўйича хорижий компаниялар билан ҳамкорлик шартномалари имзоланиши арафасида. Бу ўсимлик иммунитетни ошириш ва қандли диабет хасталигини даволашда яхши наф беради. Ўтган мавсумда 40 сотих ер майдонида етиштирилган ҳосилдан 120 млн. сўм фойда олинган бўлса, жорий йил 4 гектардан 400 млн. сўм даромадга эришилди.

25 нафар ишчи-ходим меҳнат қилаётган корхонада Тошкент иқтисодиёт университети мутахассис олимлари билан биргаликда «Мўъжиза» нави устида илмий изланиш авжида. Шунингдек, бу ернинг ўзида  1-сектор ҳудудида жорий этилиши кутилаётган истиқболли лойиҳалар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. 2020-2021 йилларда умумий қиймати 96,7 млрд. сўмлик 32 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилмоқда. Шундан ташаббускорларнинг ўз маблағи 80,6 млрд. сўм, банк кредити эса 5,9 млрд. сўмдан иборат. Хорижий инвестиция маблағлари 1 млн. АҚШ доллари бўлган лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида қарийб 300 та иш ўрнини шакллантириш режалаштирилган.