МАШҲУРБЕКНИНГ ПАРВОЗИ
Бежизга доно халқимиз «Бола бошидан» деб айтмаган. Ҳар бир инсоннинг келажакда ким бўлиши унинг ёшлигидан қилган саъй-ҳаракатларига боғлиқ. Буни ёш истеъдод эгаси Машҳурбек Маҳмудов мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
Эндигина тўрт ёш бўлишига қарамай, ўзининг ширали, жарангдор овози, хушнуд этувчи қўшиқлари билан қалбларга кириб бормоқда. Унинг қўшиқлари ижтимоий тармоқларда мухлислар томонидан эътироф қилин-моқда. Ҳозирги кунга қадар «Отам», «Бу менинг онам», «Дадамга ичирманглар» қўшиқлари ва уларга олинган видеоклиплари YOU TUBEдаги «Машҳурбек Маҳмудов» канали ва яна кўплаб Telegram, Instagram, Facebook, Twitter, Tik-tok мессенжерларида оммалашган.
Яқинда Машҳурбек «Коронавирус» номли қўшиқ ҳам куйлади. Бугунги кунда эса «Aкам», «Aнғиз», «Ёшлигим» каби қўшиқлар устида иш олиб бормоқда.
Отаси Маъмуржон Мамажонов санъаткор бўлганлиги сабабли ҳам Машҳурбекда санъатга ҳавас уйғонган. Ёш хонанданинг ўзида ҳам мусиқага бўлган қизиқиш кучли.
Энг қувонарлиси, ҳозирда Машҳурбек Россия давлатида бўлиб ўтадиган «Голос» фестивалига отаси ва Баҳодир Жўраев бошчилигида тайёрланмоқда. Насиб қилса, бу фестивалда ватандошимиз ғолиблар сафида бўлиб, ўзбек санъатини дунёга танитади. Машҳурбекнинг парвози бундан-да юксак бўлишини тилаймиз.
Диёра AБДУРAҲМОНОВA, жамоатчи мухбир.

