ЖИНОЯТ ИШИНИ СУДДА КЎРИШ ТАРТИБИ

Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 48-боби талабларидан келиб чиқиб, жиноят ишлари биринчи инстанция судлари иш юритувига қабул қилиб олгач, масъул судья жиноят ишини айблов хулосаси билан ёки айблов далолатномаси ёхуд тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш учун ишни судга юбориш тўғрисидаги қарор билан қабул қилиб олгач:

-ишни судда кўриш учун тайинлаш тўғрисида;

-жиноят иши юзасидан иш юритишни тўхтатиб туриш тўғрисида;

-жиноят иши юзасидан иш юритишни тугатиш тўғрисида;

-дастлабки тергов ёки суриштирувнинг техник йўсиндаги камчиликларни бартараф этиш учун ишни айблов хулосаси ёки айблов далолатномасини тасдиқлаган прокурорга юбориш тўғрисидаги ҳал қилув қарорларидан бирини қабул қилиш тўғрисида қарор (ажрим) чиқаради:

-ишни судда кўриш учун тайинлаш тўғрисидаги ёхуд бошқача қарор қабул қилиш ҳақидаги масала судья томонидан иш судга келиб тушган кундан бошлаб, етти суткадан кечиктирмай ҳал қилиниши лозим. Ушбу муддат шу суднинг раиси томонидан кўпи билан уч суткагача узайтирилиши мумкин.

Жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш тўғрисидаги қарорда мазкур қарорнинг қачон ва қаерда чиқарилгани, судьянинг лавозими ва фамилияси, судланувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, Жиноят кодексининг унга нисбатан эълон қилинган айбга доир моддаси, ишнинг суд мажлисида кўрилиши учун етарли асослар борлиги тўғрисидаги хулоса, судланувчиларга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чораси тўғрисидаги қарор, суд муҳокамасида давлат айбловчисининг, шунингдек, ҳимоячининг иштироки, суд муҳокамаси ўтказиладиган жой ва вақт кўрсатилиши лозим. Судья суриштирув ёки дастлабки тергов юритилганда, жиноят оқибатида келтирилган мулкий зарар қопланишини  таъминлаш чоралари кўрилмаганлигини ва бундай чоралар бевосита суд томонидан кўрилиши мумкин эмаслигини аниқласа, суриштирувчи ёки терговчининг зиммасига зарур чоралар кўриш вазифасини юклайди.

Жиноят ишини судда кўриш учун тайинлаш масаласини ҳал қилиш чоғида айбланувчининг яширинганлиги маълум  бўлиб қолса, судья ушбу айбланувчига нисбатан ишни юритишни тўхтатиш ва унга нисбатан қидирув эълон қилиш тўғрисида ажрим чиқаради, ЖПКнинг 410- ва 418-моддаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно. Айни чоғда айбланувчига нисбатан эҳтиёт чорасини ўзгартириш масаласи ҳал этилади.

Судларда жиноят ишларини кўриб чиқиш муддатини тўрт ойдан кўпроққа узайтиришга алоҳида ҳолларда фақат мураккаб ва кўп воқеали ишлар бўйича йўл қўйилади. Биринчи инстанция судининг ажримига асосан беш ойгача бўлган бундай узайтириш Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари ва 6 ойгача бўлган шундай узайтириш Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси томонидан амалга оширилади. Айблов далолатномаси билан келган жи-ноят ишини судда муҳокама қилиш муддати ишни муҳокама қилиш бошланган кундан эътиборан бир ойдан ошмаслиги керак. Жиноят ишини кўриш тўхтатиб турилган вақт ишни муҳокама қилиш муддатига кирмайди. Бир ойлик муддат биринчи инстанция судининг ажримига асосан Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судининг, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар судларининг, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судининг раиси томонидан икки ойгача узайтирилиши мумкин.

Азамат ҒАППАРОВ, жиноят ишлари бўйича вилоят судининг  судьяси.