ХАЛҚ ҚАБУЛХОНАСИ

фуқароларнинг дарду ташвиши билан

Уйчи туман Халқ қабулхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4904-сонли Фармони ижросининг таъминланиши юзасидан туманда муайян ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 6 ойи давомида Халқ қабулхонасига 900 га яқин мурожаат ва шикоят келиб тушди, шундан 292 тадан ортиқ мурожаат қабулхона томонидан ҳал қилиниб, ижобий ечим топишга эришилди.

Кўриб чиқилган мурожаат эгаларига тушунтириш ва ҳуқуқий маслаҳатлар берилмоқда, аксарият мурожаатларнинг ечимини топишга яқиндан кўмаклашилмоқда. Қабулхона томонидан 700 га яқин оғзаки мурожаат қаноатлантирилиб, аҳолининг узоқ йиллардан буён ечими топилмаган муаммоларининг ҳал этилиши таъминланмоқда ва улар Президент ва қабулхонага ташаккурномалар билдиришмоқда.

Масалан, тумандаги Бўстон МФЙда яшовчи С.Тўхтамирзаев вилоят санитария эпидемиология назорати бошқармаси томонидан унга асоссиз равишда 4460000 сўм жарима тайинланганидан норози бўлиб, Халқ қабулхонасига шикоят қилган. Киритилган тақдимномага асосан жарима жазоси қарори бекор қилиниб, унинг мурожаати ижобий ҳал этилди.

Шунингдек, Деҳқонобод МФЙда яшовчи Ғ.Усмоновнинг пенсияга чиқишда муаммолар бўлаётгани ва унга амалий ёрдам берилишини сўраб қилган мурожаати ҳам ижобий ҳал этилди. Бундай мисолларни яна келтириш мумкин.

Туман Халқ қабулхонасига тегишли бўлган амалдаги фармон ва қонунлар ижросини таъминлаш юзасидан туман сектор раҳбарлари ва қабулхона билан биргаликда карантинга қадар январь-март ойларида 37 маротаба оммавий сайёр қабул ўтказилди, қабулда 1295 нафар фуқаро иштирок этди, улардан 250 та мурожаат келиб тушди ва улар назоратга олиниб, кўриб чиқилиши таъминланди.

Сайёр қабулларда келиб тушган муро-жаатларни 110 таси жойида қаноатлантирилди ва 140 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Халқ депутатлари туман кенгашининг сессиясида тегишли қарор қабул қилиниб, манзилли режа тасдиқланди, унга кўра 1444 нафар ишсиз ёшнинг бандлигини таъминлаш юзасидан «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди.

Халқ қабулхонаси томонидан сектор раҳбарлари билан биргаликда йўл харитаси ва режага асосан ёшлар билан 38 маротаба учрашув ўтказилди ва унда 4476 нафар ёш иштирок этиб, 189 нафаридан ёзма ва оғзаки мурожаат келиб тушди, шундан 37 тасининг жойида қаноатлантирилиши таъминланди, 152 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди.

У.РЕЖАББОЕВ, туман Халқ қабулхонаси мутахассиси.