ҚУТЛУҒ МАСКАН

Мактабимиз 1935 йил 30 июлда ташкил топган. 1989 йилда 1176 ўринли янги мактаб барпо этилди, ҳозирда 1724 нафар ўқувчи 106 нафар устоз қўлида таълим олмоқда. 

Ўтган давр давомида ёшларни тарбиялаш ва етук шахс бўлиб етишларига катта эътибор қаратилди. Мамлакатимизнинг турли жабҳаларида мактаб битирувчилари фидокорона меҳнат қилдилар. 85 йил давомида мактабга раҳбарлик қилганлар: Н.Муҳиддинов, Ғ.Олимов, К.Жалилова, К.Аҳмедова, Х.Жалимова, Ҳ.Ўрақова, М.Юлдашев, Ш.Мадаминов, О.Исмоилова ҳамда Д.Ўринбоев, М.Ниг-мадзянова, К.Қамбаров, Д.Ғофурова, Ф.Ҳасанова, А.Эргашев, Т.Акрамов, Ҳ.Ҳожиматова каби устозларни ҳурмат билан тилга оламиз. Собиқ ўқувчи-ларимиздан Т.Мирзамаҳмудов, А.Ҳожимирзаев, Б.Қирғизовлар фан доктори ва номзодлари бўлишган бўлса, мустақиллик йилларида А.Абилов, А.Орифбоев, О.Ёрқинов, М.Ҳамроқуловлар АҚШ, Буюк Британия, Япония ва БААда таҳсил олиб, ҳозирги кунларда нуфузли чет эл ташкилотларида, «NESTLE», «NOKIJA», «IKEIA» компанияларида хизмат қилмоқдалар.

Жамоа барча соҳаларда юқори натижага эришиб келмоқда. 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига биноан ёшларни баркамол ва Ватанга садоқатли этиб тарбиялашда намуна кўрсатган математика фани ўқитувчиси Маҳпиратхон Мўминова «Шуҳрат» медали, 2018 йилда эса «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди. Мактабимиз ўқувчилари фан олимпиадаси вилоят босқичида фаол иштирок этиб, юқори кўрсаткичларга эришмоқдалар. Жумладан, ўтган 2018-2019 ўқув йилида Жасурбек Абдулҳамидов чизмачилик, Алишер Муродуллаев математика фанларидан вилоятда 1-ўринни эгаллашди. Энг қувонарлиси, 2019 йилда 8-«Б» синф ўқувчиси Искандар Ҳакимов Наманган шаҳрида ташкил этилган Президент мактабига ўқишга кирди. Қолаверса, мактабимиз халқаро баҳолаш тизими «PISA» дастури бўйича таянч мактаб ҳисобланади. 2020 йил январь ойида ўтказилган фан олимпиадаси туман босқичида 20 нафар ўқувчимиз фахрли 1-2-ўринларни эгаллади. Спорт мусобақаларида ҳам юқори натижаларга эришиб келмоқдамиз. 10 нафар ўқувчимиз белбоғли кураш бўйича Ўзбекистон чемпиони унвонига сазовор бўлган. 2019 йил Олмалиқ шаҳрида ўтказилган белбоғли кураш мусобақасида 11-синф ўқувчиси Абдулаҳад Носиров фахрли 2-ўринни эгаллаб, кумуш медаль ва 1000 АҚШ доллари миқдорида мукофотга сазовор бўлди. Спортнинг баскетбол тури бўйича 2019 йили мактабимиз ўғил болалари вилоятда 3-ўрин, қизларимиз эса 2-ўринни  эгаллашди.

Шу билан бирга, туман мактабларида раҳбарлик вазифаларида меҳнат қилаётган Б.Мирзаев, Р.Юнусова, Р.Назарова сингари шогирдларимиз билан фахрланамиз.

Мактабимизнинг 85 ёши билан барча битирувчиларимиз, бугунги аҳил жамоамиз ва ўқувчиларни самимий табриклаймиз.

Каримжон БОЛТИБОЕВ, 26-мактаб директори.