ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР

Жавоҳарлаъл Неру ўзининг «Ҳиндистоннинг кашф этилиши» китобида: «Бобур дилбар шахс эди. Уйғониш даврининг ажойиб султони, кучли, тадбиркор киши бўлиб, санъатни, адабиётни, гўзалликни севарди», -деб ёзган эди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур (тўлиқ исми Заҳириддин Муҳаммад ибн Умаршайх Мирзо) – ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, буюк шоир, тарихчи, географ, давлат арбоби, истеъдодли саркарда, бобурийлар сулоласи асосчиси, темурий шаҳзодадир. Унинг отаси – Умаршайх Мирзо Фарғона вилояти ҳокими, онаси – Қутлуғ Нигорхоним мўғуллардан бўлган Тошкент ҳокими Юнусхоннинт қизи эди. Бобурнинг онаси ўқимишли ва оқила аёл бўлиб, Бобурга ҳокимиятни бошқариш ишларида фаол кўмак берган, ҳарбий юришларида унга ҳамроҳлик қилган.

Бобурнинг дастлабки сиёсий мақсади Амир Темур давлатининг пойтахти, стратегик ва географик жиҳатдан муҳим бўлган Самарқандни эгаллаш ва Мовароуннаҳрда марказлашган кучли давлат барпо этиш ҳамда Амир Темур салтанатини қайта тиклашдан иборат эди.

Шу мақсадда астойдил ҳаракат қилиб, асосий рақиби Шайбонийхонга қарши бир неча йил давомида муттасил кураш олиб борса-да, аммо мамлакатда ҳукм сурган оғир иқтисодий танглик ва сиёсий парокандалик шароитида мақсадига эриша олмайди. Бобур 200-300 навкари билан Ҳисор тоғлари орқали Афғонистонга ўтади ва у ердаги ички низолардан фойдаланиб, Ғазни ва Қобулни эгаллайди ва мустақил давлат тузишга жадал киришади, қўшинни тартибга келтиради, қаттиқ ички интизом ўрнатади. Қобулга, умуман, Афғонистонга Бобур ўз юрти каби қарайди, қурилиш, ободонлаштириш, касбу ҳунар ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ишларини бошлаб юборади. «Боғи Шаҳроро», «Боғи Жаҳоноро», «Ўртабоғ», «Боғи вафо» ва «Боғи Бобур» каби оромгоҳлар ташкил этади. Унинг Ҳумоюн, Гулбаданбегим, Комрон, Ҳиндол исмли фарзандлари шу ерда туғилади. 1506 йил баҳорда вафот этган Қутлуғ Нигорхоним шу ерда бунёд этилган «Боғи Наврўзий»га дафн этилади.

1519 йил баҳорига келиб Бобур Ҳиндистонни забт этиш режаларини амалга оширишга киришади ва кейинги 5-6 йил давомида бир неча юришлар уюштиради. Ниҳоят, 1526 йил апрелда Панипатда асосий рақиби, Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг юз минг кишилик қўшинини 12 минглик аскари билан тор-мор қилади ҳамда Деҳлини эгаллайди. Бобур Ҳиндистонда ҳам, худди Афғонистонда бўлганидек, кўплаб ижтимоий-хайрли ишларни амалга оширади, мамлакат тараққиётига жиддий таъсир кўрсатади. Тарқоқлик ва парокандаликка, ўзаро ички низо, қирғинларга барҳам бериб, вилоятларни бирлаштиради, марказлашган давлатни мустаҳкамлаш ва юртни ободонлаштиришга, илму ҳунар ва деҳқончиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратади, қурилиш ишларига бошчилик қилади.

Шуҳратжон МАМАТОВ, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Ҳарбий-техник институти курсанти.