МЕҲР ВА ЭЪТИБОР
Пандемия даврида қийналиб қолган, эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш эътиборда бўлмоқда. Жумладан, яқинда Қурбон ҳайити муносабати билан кўплаб саховат тадбирлари ўтказилиб, йўқловлар уюштирилди. Президентимиз ташаббуси ва тавсиялари асосида кўрсатилган навбатдаги мурувват оилаларга байрам қувончини олиб кирди.
Туманимизда пандемия даврида «темир дафтар»га киритилган эҳтиёжманд оилалардан 755 тасига бир миллион сўмдан жами 755 миллион сўм маблағ етказиб берилди. Бундан ташқари, беш юздан ортиқ хонадонга озиқ-овқат маҳсулотлари сектор раҳбарлари бошчилигида тарқатилди. Бунда саховатпеша ҳомийларнинг ҳам ҳиссалари катта.
******
Ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида бир марталик ёрдам пуллари тарқатилиб, навбатдаги ғамхўрлик кўрсатилди.
Туманимизда 1443 та оилада яшовчи 6470 нафар фуқаронинг ҳар бирига 220 минг сўмдан жами 1 миллиард 423 миллион 400 минг сўм пул тарқатилди. Ушбу маблағларни туман ҳокимлиги, тўртта сектор, МФЙ раислари, «Агробанк» Уйчи филиали ходимлари томонидан карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда тарқатилишига алоҳида эътибор қаратилди.
Кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликдан мамнун бўлган фуқаролар Юртбошимизга, хайрли иш бошида турганларга миннатдорчилик билдирдилар.
******
Тошлоқ МФЙдаги эҳтиёжманд оилаларга давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган моддий ёрдам маблағлари тарқатилди. Ана шундай оилалардан бири, шу маҳалланинг «Ҳумо» кўчасида яшовчи Насиба Аҳмедова бу ҳақда шундай дейди:
-Тўрт нафар фарзандим бор, бир фарзандим болаликдан ногирон. Турмуш ўртоғим вақтинча ишсиз, мавсумий иш билан шуғулланади. Президентимиз совғаси сифатида берилган бу маблағ оиламиз фаровонлиги учун замин яратади. Бундан ташқари, бу йил МФЙ кўмаги билан имтиёзли кредит ҳисобига икки бош қорамол олдим.
Дарҳақиқат, ҳукуматимиз томонидан эҳтиёжманд оилаларга эътибор берилиб, маблағлар ажратилаётганлиги уларнинг яшаш шароитлари яхшиланиб, турмуш тарзи ўзгаришига, камбағалликдан чиқишига имкон яратмоқда. Умиджон СУЛТОНОВ.

