ТАЪЗИМ

Фахрий журналист Абдубанно ХОЛМОНОВ портретига чизгилар

МУҚАДДИМА

Таҳририятга ишга келганимга олти йил тўлганда «Уйчинома» газетаси муҳаррири Абдубанно Холмоновни нафақага кузатиш маросими бўлди. Мўъжазгина, камтаргина, фақат ишчи-ходимлару, бир-иккита яқин дўстлар йиғилган тадбир таассуротлари хали-ҳануз хаёлимдан кетмайди.

Муҳаррир хонасида ҳамма жам. Устознинг яқин дўстлари Жамолиддин Комилов, Зиёвиддин Мансуров (ўша кезлари Зиёвиддин ака вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи эди), ўринбосар (ҳозирда газета муҳаррири) Муҳаммадали Қамбаровлар Абдубанно ака тўғрисида илиқ фикрлар бериб, юбилярни қизғин муборакбод этишди.

Табрик учун сўз жамоа аъзоларига келди. Шунда қоравулимиз Муроджон ака ўрнидан турди. У табиатан анча қўрс, қайсар, чўрткесар феъл-атворга эга. Қолаверса, тортинчоқлигиям бор. Бундай расмий давраларда нутқ сўзлаш у ёқда турсин, бир баҳона билан ўзини доим четга олиб қочарди.

Бугунги дадиллиги ҳаммани ҳайрон қолдирди. Қалбига анчагина сўзларни гапиришни тугиб келгани билиниб турибди. Аммо икки оғиз: -Абдубанно ака бизга ўз отамиздай бўлиб қолгандилар, -деди-ю томоғига нимадир туриб, ғиппа бўғилди. Кўзларидан дувиллаб ёш тўкилиб кетса бўладими?

Ана холос, ўзимизни зўрға ушлаб ўтиргандик. Аёллару эркаклар кўзларидаги ёшни беркитишга уриниб, кимдир юзини тўсди, кимдир ерга қаради, яна кимдир рўмолчаси билан «терлари»ни артди.

Ҳақиқатан ҳам, эртадан бошлаб муҳарриримизни ишхонада кўрмасликни ўйлашнинг ўзи кишини ғуссага ботиради, қалбига бир зулмат, қоронғуликни жойлаб қўярди. Нима учун дейсизми? Бу ҳақда батафсил сўзлаб беришга уриниб кўраман.

БМТГА ТААЛЛУҚЛИ ИБОРА

… Дунёда энг катта савоб нима, деган саволга жавоб топишнинг ўзи бир қарашда анча мушкул вазифа. Бунга кўп давраларда ушбу саволни ўртага ташлаб, амин бўлганман. Биргаликда бир мулоҳаза юритиб кўрайлик, азиз газетхон. Яратганнинг карами кенг. Энг катта эзгу иш дунёдаги жамики инсон зотининг қўлидан келиши керак. Ортиқча маблағ, вақт, куч-ғайрат, ақл-заковат шарт эмас, дини, ирқи, ижтимоий келиб чиқиши, яшайдиган ҳудуди аҳамиятсиз, жинси, ёши, эгаллаган лавозими муҳиммас. Демак, бир қарашда у энг осон ва қулай амал. Аммо катта савоб эгаси бўлиш учун осон йўлнинг ўзи йўқ. Иккинчи томондан бу даражага етиш учун комиллик чўққиси сари чиқиб бориш даркор. Бу инсонларни севиш, уларга меҳр ва муҳаббат улашиш. Агар кишида мана шу жиҳат қарор топса, унинг ортидан барча савоб иш, эзгу амал эргашиб келаверади. Менимча, дунёда юзага келаётган катта-ю кичик муаммолар одамлар орасида нафратнинг кучайиши, оқибатнинг кўтарилишидандир.

Хўш, бундай одамлар борми? Бор, албатта. Улар чин маънода инсонпарвар, элпарвар. Ҳатто бу хусусияти энг катта эзгулик эканини билмай, у ҳақда ўйлаб ҳам кўрмай севади инсонларни.

Абдубанно ака ана шундай ҳазрати инсонлар тоифасидан. Киши исмини тоқ айтиш, уни «сенсираш» устоз характерига ёт унсур. У ҳар қандай одам феълидаги ижобий томонларни кўра олади, кимга таъриф бермасин: «Фалончими? Ҳа, у яхши инсон», -дейишдан чарчамайди.

Абдубанно ака учун жамоада бегона киши йўқ. Бир нимадан сиқилган ходим эрталаб кириб, акага дардини тўкарди. Билардики, унинг муаммосини ўзиникидай қабул қилиб эшитадиган, таскин бериб, кайфиятини кўтарадиган, мушкулининг ечимини топиб берадиган киши бор.

Муҳаррир ҳеч кимга овозини баландлатиб мурожаат қилмаган. Доим хуш кайфият улашишга интилган. Тавба, ходимга дакки бермай, уни жазоламай раҳбарлик қилса ҳам бўларканми? Тўғри, ҳаммамиз ҳам хато, нуқсонлардан ҳоли эмасдик. Бошлиқнинг энг эътирозли ибораси: -Ие, бўлмабди бу. Яхши эмас, -деган гап эди. Шу сўзларнинг ўзи дарров камчиликларни тузатиб, ўзимизни «ўнглаб» олишга кифоя қиларди.

-Бир ҳақиқатни ҳеч қачон ёддан чиқарманглар, -дейди доим устоз. -Яхшилик билан ҳал бўлмаган иш ҳеч қачон ёмонлик билан ҳал бўлмайди.

Менга қолса, мана шу жумлани БМТ биносининг пештоқига осиб қўйган бўлардим. Чунки дунё сиёсатида юз бераётган қарама-қаршиликларга ечим ҳам ана шу шиорга беэътиборликдан бўлса, не ажаб.

ТАҲРИРИЯТ ҲАНГОМАЛАРИ

Кўпинча бозорга Абдубанно ака иккимиз тушардик. Танимаган-билмаган сотувчилар: -Ака-укамисизлар? -деб сўраб қўйишарди. Бундан жуда хурсанд бўлиб кетардим. Ахир Ҳусан Шариповни Сойиб Хўжаевга, Тоҳир Маликни Саид Аҳмадга, Эркин Комиловни Шукур Бурхоновга ўхшатишган-ку. Мен ҳам устоз каби мукаммал ижодкор бўлсам, деган орзу ҳар дам ўй-ҳаёлимда бўлган. Бироқ орзунинг ўзи билангина иш битса, қанийди. Менинг мухбир бўлиб шаклланишимда кўпгина ижодкорларнинг хизматлари бор. Муҳаммадали Қамбаров, Рустамжон Наза-ровлар мени «қолип»га солганлар. Адҳамжон Ҳожиматовнинг мақолаларидан кўп нарса олардим. Кейин-кейин уларга ўхшатиб ёза оладиган даражагача олиб чиқишди. Холмонов домладан кўп нарса «ўғирлаганман». Аммо у киши даражасида ёза олиш? Бу поғонага туманда бир мен эмас, ҳеч бир публицист кўтарила олмади. Холмонов ижодидаги ўзига хослик, бетакрорлик икки энлик мақоладаям сезилиб турарди. Гўёки жумлалар эркаланаётгандай, сўзлар ўзини эркин қўйворгандай, бир нафасда қуйилиб келарди. Синхрон сузувчи қизларнинг ҳаракатларини кузатгансиз-а? Улар сув тубида шу қадар нақшинкор кўринишларни яратишадики, бунинг ортидаги машаққат заҳматни минглаб томошабинга қитмол сездиришмайди. Мухлис фақат жозибакорликдан ҳайратланади. Муҳарриримиз ёзганларида шунақа заргарона аниқлик ҳукмрон эди.

…Нимада тўхталгандик? Ҳа, бозор мавзусида. Маҳсулот танлашга ниҳоятда уста бўлгани боис у кишининг ёнида ҳавасга юрасан киши. Баъзан бирон нарсани татиб кўриш зарурати бўлса, дегустаторлик вазифасини мен бажараман.

Тошкентга ижодий сафаримиз чоғидаям шундай бўлди. Бозорликларни бўлишиб кўтариб ходимлар ортга қайтдик. Муюлишда сут маҳсулотлари дўконига Абдубанно ака сал олдинлаб кириб кетди. Кейин мени чорлаганини англатиб, имо қилиб ичкарига йўллашди. Расталарнинг ўртасида истараликкина бир жувон сотаётган маҳсулотини татиб кўриш вазифаси топширилди. Озроқ синаб кўрдим. Бунақа таъмли сузмани ўша пайтгача емагандим. (Ҳозир бизда «нестле сузмаси» номи билан машҳур бўлиб кетди). Обдон ютиниб олдимда, қошиқ учида яна илиб олиб, оғзимга солдим. Ҳамманинг кўзи менда. Сотувчи аёл ҳам бир сўз демай, жилмайганча бизни кузатиб турибди.

-Қалай? -деб қолди устоз.

-Яхши, -дедим.

-Яхшими? -қайта сўради.

-Зўр.

Кечки овқатни муҳарриримиз ўзи тайёрлади. Абдубанно ака бор даврада ҳеч ким капгир ушлашга ботинолмайди. Бу аканинг қўли ширинлигини, ҳар бир таомга алоҳида меҳр билан уринишини ҳамма яхши билади.

Хуллас, кечки овқатга ўтирдик. Сузма қўшиб тайёрланган салатдан бир қошиқ олиб, татиб кўрган Абдубанно ака:

-Ие, -дея менга юзланди. Ғала-ғовур тиниб, барчанинг нигоҳи менга қадалди.

-Боягина «зўр» деганмидингиз?

-Ҳа. Нима, яхшимас эканми?

-«Зўр» деганда сузмани назарда тутганмидингиз, сотувчисиними?

Дастурхон атрофида кулги янгради.

******

Қайсидир байрамни Холмоновлар хонадонида нишонладик. Меҳмонхонага ёзилган тўкин дастурхон атрофига жам бўлдик. Орамизда бизга нотаниш аканинг ҳамқишлоқлариям бор.

Навбатма-навбат байрам тилаклари билдириб турилибди. Нотаниш меҳмонлардан бирига навбат етиб келди. Байрам ёдидан кўтарилиб, Абдубанно акани мақтай кетди.

Бундай вазият, аввало, мезбоннинг ўзига ёқмади. Сергапнинг тилаги ҳали бери тугайдиганга ўхшамасди.

-Абдубанно ака бизга устоз бўлганлар, -деб қолди гап орасида.

-Нега устоз бўлганлар дейсан, -сўзини бўлди ака. -Нима мен ўлиб кетганманми?

Сергап шошиб қолди.

-Мен сенга ҳозирам устозман. Сўзни ўз ўрнида тўғри ишлатгин.

Шундан сўнг поёнсиз тилак якунланиб, давра янада қизиб кетди.

******

Таҳририятда маълум муддат ишлаб кетган бир одам Абдубанно аканинг қадрдонларидан бирининг фарзанди эди. У пайтда устоз пенсияга кузатилган, газетада ишламасди.

Бир куни мендан сўраб қолди.

-Янги кадр қалай?

-Дуруст, -дедим калта қилиб.

-Ишни торта оляптими?

-Ҳа, у томонидан анчагина пухта, дедим.

Орадан бироз вақт ўтди. Ака ҳалиги саволига яна қайтди:

-Янги ходим ишлаяптими? Торта оларканми?

Аслида ўша кездаёқ унинг узоқ ишлай олмаслигини сезган бўлса керак устоз.

-Яхши ҳар ҳолда, лекин… дедим бироз тўхталиб.

-Нима, лекин?

-Яхши экану, барибир Холмоновнинг шогирдларига етолмайдиёв.

-Холмоновнинг шогирдларига қани бирортаси етиб ҳам кўрсинчи?! -шаҳд билан жавоб қайтарди ака.

Суҳбатимизни четдан кузатиб турган Жамолиддин ака Комилов гапга аралашди.

-Э қойил. Шу ёшга кириб, бир-бирини кўкка кўтариб, ўзини мақтаган устоз-шогирдни биринчи марта кўришим.

******

Комилов домла биз билан кўп аралашиб туради. Баъзан узоқ кўринмай қолса, бир баҳона билан ўзимиз чақириб оламиз. Жамолиддин ака билан ҳам ҳангомалар тез-тез бўлиб туради.

Бундан саккиз йилча муқаддам бош ҳисобчимиз Аъзамжон ака Абдуллаев билан бир хил хасталикка чалиниб қолдик. Бундан хабар топган Жамолиддин ака ўзи табиблик қилишини, тез кунда кўрмагандай бўлиб кетишимизни айтди:

-Бир ўт бор. Ҳозир роса пишиб етилган. Шундан дамлама тайёрлаб бераман. «Сан кўр, ман кўр», -бўлиб кетасизлар. Буни менга бир рус танишим ўргатган. Ўзим ҳам шу гиёҳ билан тузалганман.

Бу орада Комилов эринмай дамлама тайёрлаб бериб юрди. Худонинг зорини қилиб ҳам, қанақа ўсимлик эканини домладан билолмадик. Биз қизиқишимизни қўймаймиз, у киши – яширишини.

Шу зайл кунлар ўтаверди. Яратганнинг қудрати билан дард мендан чекина бошлади. Эрталаб хонамда қоғозларга кўмилиб ўтиргандим. Муҳарриримиз кириб келди.

-Зарур ишингиз йўқми ҳозир.

-Йўқ, -дедим.

-Бир жойга ўтиб келамиз. Жамолиддин акани чақирамиз, машинасида борамиз. Муҳаммадалини марказдан олволамиз.

Жамолиддин ака дарҳол телефонни кўтарди.

Салом-аликдан сўнг машина билан тез етиб келишини сўради устоз.

-Нима гап, тинчликми? -трубкадан Комиловнинг овози келди.

-Қадимда бир табиб яшаб ўтган экан, Жамолиддин ака, -устоз узоқдан гап бошлади. -Ана шу табиб қабристондан ўтаётганда юзини тўсиб оларкан. Нега шундай қиласиз? -деб сўрашса:

-Бу ерда ётганларнинг ярмиси мен берган дорини ичган, -деб жавоб берган экан. Сизнинг ҳам битта мижозингиз қаттиқ ётиб қолибди-ку. Ўшани кўриб келамиз.

Бир кун олдин ҳисобчимиз касалхонага тушиб қолган экан.

******

Яқин қариндошимнинг тўйи баҳона уч кунга рухсат олдим. Лекин ишда тўрт кун кўринмадим.

-Биз уч кунга келишгандик, нима бўлди, -сўраб қолди Абдубанно ака.

-Жуда хориб қолибман. Кеча ҳеч ўзимни кўтара олмадим.

-Қаттиқ хизмат қилворибсизми?

-Шунақароқ, -дедим.

Аканинг кейинги гаплари ҳайратга солди.

-Нима, ичкилик омборига назоратчилик қилдингизми?

Кулвордим. Ҳақиқатан шу юмушни қилгандим.

Холмоновнинг сезгирлик қобилиятига кўп бор гувоҳ бўлгандиму, лекин аҳамият бермагандим. Аслида мени қойил қолдирган воқеа буям эмас. У кейинроқ содир бўлди.

… Қарз сўрашни ўлгудай ёмон кўраман. Бироқ бир ишни ёмон кўриш учун ҳам уни қилиб кўриш керак-да.

Шундай вазият бўладики, ортиқча ҳаражатим кўпайиб кетди. Боз устига янгилариям пайдо бўлиб маълум миқдордаги пулга муҳтож бўлиб қолдим. Аввалига қарз сўрашим мумкин бўлган учта инсоннинг рўй-хатини туздим. Биринчисининг уйига бордим. Дардимни айтмасимдан олдин ҳасрати очилиб кетди. Эшитиб-эшитиб, жимгина иккинчисиникига йўл олдим. Яхшиям тўрттагина нон олволгандим. Касал бўлиб қолибди. Баҳонада йўқлаганга ўтиб қолдим. Учинчисининг остонасига бориб, чақирмаям қайтдим.

Пул топилмади. Туни билан мижжа қоқмадим. Аммо дардимни ҳеч ким билан ўртоқлашмадим.

Душанба куни эрталаб ишга жўнадим. Дарвоза олдида Абдубанно ака кутиб олди. Ярим соатча суҳбатлашдик. Ташвишим аканинг ширин суҳбатидан кейин анча нари бўлди. Пул муаммоси эсимданам чиқди ҳисоб.

Бир пайт муҳарриримиз соатига бир қараб олди-да:

-Чой дамлаб қўйганман хонада. Бир пиёладан ичайлик, кейин ишга шўнғиймиз.

Муҳаррир хонасига орқама-кетин кириб келдик. Менга чой қуйиб узатгач, Абдубанно ака бурчакдаги сейфни очди. Бир даста пулни олиб менга узатди:

-Мана буни ишлатиб туринг. Пулнинг менда борлиги – сизда борлиги. Бекор турибди сейфда. Қайтариш ҳақидаям ўйламанг.

Пулни қўлимга олдим. Ишонасизми? Айнан менга зарур бўлган миқдорда экан. Ҳайратдан ёқа ушлайман. Бу инсон қаердан билди экан? Рўпарамда ўтирган одам қиёфасидаги фариштами? Ёки фаришта қиёфасидаги одамми?

Ҳозиргача ўйга толаман. Устоз ичимдагини қаердан англаган. Буни вақтида сўрамадим. Кейинроқ эса сўрашимдан наф йўқ эди. Нега дейсизми? Холмоновнинг бунақа хотамтойлиги биргина менга эмасди. У бу воқеани унутиб ҳам юборганига имоним комил. Ўзи эсламаган воқеа ҳақида қандай жавоб бера олсин.

УСТОЗ-ШОГИРД КИМ ЎЗИ

Баъзан бир савол мени кўп қийнайди. Устозлик юки оғирроқми, шогирдлик юкими? Яна бир бошқаси ҳам ўйлантиради: Устоз шогирдни танлайдими, шогирд устозними? Бу саволларни ўртага ташланса, баҳс-мунозаранинг ниҳояси кўринмаса керак. Умуман, бу борада бир тўхтамга келиш амри маҳол.

Кўплаб тажрибали инсонларни газетада ёритганман. Уларнинг аксарияти шогирдлар ҳақида фикр беришда қийналишади. Бунинг сабабини эса ёш улғайган сари тушуниб боравераркансан киши. Абдубанно ака ҳам қайсидир даврада: «Фалончи менинг шогирдим», -деганини эшитмаганман. Менимча, бундай муносабат устозу шогирднинг ўзигагина тааллуқли. Уни оммага «айюҳаннос» солиб, маълум қилишдан нима наф?

Муҳтарам Абдубанно ака. Мен сизнинг ҳали пишиб етилмаган ўқувчингиз сифатида яна бир хомликка қўл урдим. Яъни Сиз ҳақингизда Сизни хабардор этмай, ёзишга ва газетхонга ҳавола этишга жазм қилдим. Бунинг учун мени афв этинг. Ахир қанчадан-қанча камчиликларимга кўз юмгансиз, кечиргансиз, унутгансиз.

Сизга қалбимдаги барча гапларниям гапира олмайман. Боиси, ҳанузгача ўша салоба-тингиз олдида оёғим қалтирайди, фикрларим тарқалиб кетади.

Бироқ бир нарсадан кўнглим тўқки, Сиз тўғрингизда ёзганларимнинг бари ҳақиқат, қолдириб кетганларим бору, лекин қўшиб-чатганларим йўқ. Шундан қаршингизда юзим ёруғ.

Сиз ҳақингизда қоғоз қораларканман, босиб ўтган йўлингиз, барчага ўрнак ва намуна оилангиз ҳақида ортиқча тўхталмадим. Чунки бу газетани қўлига олган ўқувчи борки, Сиз ҳақингизда мендан кам маълумотга эга эмас. Мен эса уларга ўзим гувоҳ ва шоҳид бўлган «шингил» маълумотларни илиндим. Мен сизнинг этагингизни чорак аср тутибман. Шу йиллар давомида яна шунча вақт Сиздан сабоқ олишим зарурлигига амин бўлдим. Қаршингизда ҳаёт ва ижод йўлида Сизга эргашган шогирд-ларингиз қатори мен ҳам таъзимдаман, устоз. Абдулҳаким НИШОНОВ.