ОДИЛ СУДЛОВ САМАРАДОРЛИГИ

Жорий йилнинг 24 июль куни Президентимиз томонидан «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6034-сонли Фармон имзоланди. Фармоннинг мақсади – фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш.

Фармонга кўра 2021 йил 1 январдан:

-ишларни назорат тартибида кўриш институти тугатилади;

-жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлашда қарорларни тортишув тамойили асосида тарафлар иштирокида қабул қилиш тартиби белгиланади, дастлабки эшитув босқичи киритилади.

2021 йил 1 январдан қуйидаги тартиблар жорий қилинади:

-туманлараро, туман (шаҳар) судининг қарорини вилоят ва унга тенглаштирилган суд томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган суднинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорини Олий суднинг судлов ҳайъати томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;

-апелляция тартибида кўрилган суд қарорини Олий суднинг судлов ҳайъати томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

-Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Олий суд раиси, Бош прокурор ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш.

Шунингдек, давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят иши тугатилади. Прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳужжатлари бўйича ишлар тарафлар мурожаати мавжуд бўлгандагина суддан чақириб олиб ўрганилади.

Олий суд тузилмасида қуйидагилар ташкил қилинади:

-Олий суд аппарати раҳбари лавозими;

-суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси;

-жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси.

Баҳодир ҚОДИРОВ, туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси.