ОНАХОН БУВИНИНГ СЕҲРЛИ КАЛИШИ
Ёзнинг айни жазирамаси. Дарё бўйига чўмилгани йўл олдик. Машинадан тушибоқ, ёшлар худди сув қочиб кетадигандек, илдамлаб кетишди. Муҳарриримиз Абдубанно ака билан ортда қолиб, секин пастга тушиб бордик. Оёғимиз остидаги тошлар орасидан ялпоқ, узунчоқ тошни олиб, Абдубанно ака менга узатди:
-Олиб қўйинг, қайроқ тош.
Тошнинг бежиримлиги, йўл-йўл оқ ҳошияси, мовий рангига маҳлиё бўлиб, тикилиб қолдим.
-Табиат мўъжизасини қаранг-а,- деди устоз. -Шунча тош орасидан иккита бир хилини тополмайсиз.
Бепоён кенгликка тикиламан. Кўз илғамас олислар томон чўзилиб кетган тош уюми бор, ер тубида ҳам қанча масофага кириб боргани номаълум. Аммо уларнинг ҳар бири ўзига хос, бетакрор.
Бу-ку оддий тош. Яратганнинг энг олий мавжудоти инсон-чи? Ер юзидаги жамики инсон ҳам ўзига хос қайтарилмас мўъжиза. Ҳар бир инсоннинг ўзига яраша жиҳати, аниқроғи иқтидори, истеъдоди бор. Ўзимга савол бераман:
«Мен қанақа бетакрор истеъдод эгаси эканман?» Бунинг устида анчагина бош қотирдим.
«Эврика!» Ва ниҳоят, топдим: Мен чақалоқлигимда шу қадар йиғлоқи бўлган эканманки, таърифлашга тил ожиз. Хуллас, кўп йиғлаш бўйича биринчилик ўтказилганда мен, шубҳасиз, чемпион бўлардим. Оилада саккиз фарзанднинг еттинчиси бўлиб дунёга келганман. Кичик қирқим чиқиб-чиқмай «вак-вак»ни авжига қўядиган одат чиқарган эканман. Мени овутишга бир уй одам овора. Чор атрофда менга дам солмаган мулла, дори тайёрламаган табиб қолмайди. Бувимнинг тавсиясига биноан доктор кўригига олиб боришади.
Шифокор кабинетида оқ халатли икки киши ўтирарди. Мени аввал ёшроқ новча доктор обдон текширади. Нажот билан термулиб турган онамдан юзини олиб қочиб, кекса ҳамкасбига қарайди:
-Сиз ҳам бир кўриб қўйинг-чи.
Бунисиям синчиклаб кўради.
-Бола анча нимжон, -дейди онамга юзланиб. -Деярли ўсмаган. Ичида нимадир қаттиқ азоб беряпти. Аниқроғи, қайсидир орган ишламаяпти.
-Мен ҳам шу фикрда эдим, -биринчиси гапга аралашади.
Хуллас, бир-икки дори ёзиб, онамга таскин беришади:
-Энди парваришлаб бораверасиз. Бундан бўлак олти фарзандингиз бор экан-ку.
Менинг узоқ яшамаслигимни қўни-қўшнилар, қариндошлар ҳам башорат қилишган. Чақалоқ дея сўйиб қўлига ҳам олмаган ҳеч ким. Бир кимнинг қўлида жим турадиган бўлмаганман-да ўзим ҳам.
Умид фақат икки инсонда сўнмаган. Бири – онам, иккинчиси – дадам.
-Адирликлар орасидан йиғиси қулоғимга баралла эшитилади гоҳида, -дер экан дадам кечки пайт ишдан келгач. -Хаёлимда жим қилолмай, кўтариб келяпсанмикан деб, юрагим увушиб кетади.
… -Ойи, кўп йиғлаган бола ўлиб қоладими? -чўчибгина сўрайди ўртанча акам.
-Унақамас, болам. Ким айтди сенга?
-Носирнинг бувиси шундай дебди.
-Ҳамма нарса Худодан. Биз бандалари унинг қарори олдида ожизмиз.
-Ойи, укам нега йиғлайверадилар? -эзилиб сўрайди акам яна.
-Уканг ҳали гапиришни билмайди. Гапиришни ўрганволсин, кейин йиғламайди.
-Укам ўлмайдилар-а? -кўзидаги ёшини кафти билан артиб, яна сўроққа тутади.
-Бу гапни қаёқдан олдинг? Уканг ҳали кўп яшайди. Сенданам ўсиб, шеркелбатли йигит бўлади.
Акам шифтга тикилганча, ўша кунлар тезроқ келишини кўз олдига келтиради. Янги шижоат, куч билан беланчагимни қаттиқ-қаттиқ тебрата бошлайди.
Ёз кунларининг бирида Яратганнинг буйруғи, тақдирнинг тақозоси билан катта амакимнинг бир девор қўшниси Онахон буви ойимнинг рўпарасидан чиқиб қолади. Салом-аликдан сўнг:
-Вой, мана бу боланинг ширинлигини! Қани менга беринг-чи, -дея қўлини чўзади.
Юзимга жилмайиб қараб туриб, бирданига қовоғини уяди. Эпчиллик билан ўнг оёғидаги калишни ечиб:
-Ҳа ўша онасини қийнаган! Сенинг адабингни ўзим бериб қўймасам-ми?! -дея калиш билан юзимга икки бор уради. Учинчисига улгурмайди. Онам унинг қўлидан зарда билан юлиб олади. Хайр-маъзурни ҳам унутиб, шахдам бурилиб кетворади. Йўл-йўлакай юзимга термулади. Лабини буриб, хўрсинаётган чақалоқни бағрига босиб, ўзиям хўрланганича уйга кириб келади. Бу орада йиғидан тўхтаганимни, бағрида тиниб ухлаётганимни уйга келгач англаган онам – ушбу воқеани қайта-қайта ўзимга тўлқинланиб айтиб берарди.
Эсимни таниганимда Онахон буви анча кексайиб қолганди. У Баҳром исмли синфдошимнинг бувиси эди. Бир марта ўша халоскорим билан узоқ суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлганман.
-Болам кимнинг ўғлисиз? -Бувининг мени «сизлаб» сўзлашидан эриб кетдим.
-Уста Шарифбойнинг.
-Ҳа, Дилобархоннинг ўғлисиз? -бошини қимирлатиб, ўз сўзини ўзи тасдиқлайди кампир. Кўзойнаклари орасидан меҳрли жилмайиб:
-Мен сизни эмлаганман. Калишим билан.
Кулади:
-Чақалоқлигингиздаям шунақа чиройли, оппоқ эдингиз.
Бу суҳбатга қирқ йилдан ўтди, чамамда. Аммо кечагидай эсимда. Билмадим. Шу пайтгача менга таъриф берганда ҳеч ким «чиройли» сўзини ишлатмагани учундир балки. Ўйлаб қоламан, Онахон буви (охиратлари обод бўлсин) мен каби ташқи дунёга мослашолмай қийналган чақалоқларнинг нечтасини ўзининг «сирли калиши» билан ҳаётга қайтарган экан? Унинг саноғини бувининг ўзиям қилмаган. Ҳатто бу бебаҳо хизмати учун ҳақ олиш кераклигиниям билмаган. Фақатгина бу хислати инсонларни бахтиёр қилиш учун сарфланиши кераклигини ўйлаган, холос.
Якуний хулосага келаман. Демак, йиғлоқилик бўйича ҳам чемпион эмас эканман. Истеъдод масаласига келсак, Онахон бувининг дам-дуоси (агар уни дуо деб аташ керак бўлса) ёки мўъжизакор пойабзали бунга яққол мисол бўла олади. Биз бугун ана шундай ғайритабиий илоҳий қудратга эга бўлган аждодларимиз яёв кезган кўчаларни тўлдириб юрибмиз, сеҳрли калишлари из қолдирган йўллардан ўтяпмиз. Мана шу мурувватнинг ўзи бизга берилган ўзига хос мўъжиза, инъом эмасми? Абдулҳаким НИШОНОВ.

