ЁЗГИ ТАЪТИЛНИНГ ЗАВҚЛИ ОНЛАРИ

Туманимиздаги сўлим дам олиш масканларидан бўлган «Умид ниҳоллари» болалар оромгоҳида бу йил уч навбатда 600 нафар ўқувчи-ёш ёзги таътилни мароқли ўтказди.
-Оромгоҳимизга нафақат туманимиздан, балки Учқўрғон, Чортоқ, Наманган, Мингбулоқ туманларидан ҳам дам олувчиларни қабул қилдик, -дейди бош етакчи Салима Йўлдошева. -Ўн икки кун давомида уларнинг ҳар бир вақти қизиқарли ва мазмунли ўтиши учун бор имкониятларни ишга солдик.

Оромгоҳ ҳовлисига кириб борар эканмиз, жонли ижрода қўшиқ куйлаётган бир гуруҳ мураббий ва ўқувчилар эътиборимизни тортди. Бу ерда туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази ходимлари томонидан ёш бадиий ҳаваскорлар билан машғулотлар олиб борилаётган экан.
-Мен 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида эстрада йўналиши бўйича таҳсил оламан, -дейди 36-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Маъруфжон Маҳаммадалиев. -Оромгоҳда мароқли дам оляпмиз. Бўш вақтларимизда китоб ўқишимиз, спорт билан шуғулланишимиз, қўшиқ куйлаб, рақсга тушишимиз учун ҳамма шароитлар яратиб берилган. Бундан жуда ҳам мамнунмиз.
Дам олувчилардан – 34-мактабнинг 4-синф ўқувчиси Азизбек Бекмирзаев, Учқўрғон туманидаги 34-мактабнинг 5-синф ўқувчиси Аброр Бойдедаев қўшиқлар куйлаб, барчани хушнуд этишди.
-1-болалар ва ўсмирлар спорт мактабимиз томонидан ташкил этилган спорт мусобақалари дам олувчилар ўртасида қизғин баҳсларга бой бўлди, – дейди мазкур маскан услубчиси Марҳабат Баҳромова. -Стол теннисида Ойбек Турсунов, Райҳона Умарова, шашкада Бобур Бойдедаев, Фотима Қаҳҳорова, шахматда Жасур Абдулазизов, Сарвиноз Абдуқодирова каби дам олувчилар, футбол баҳсларида Раҳматилло Саримсоқов мураббийлигидаги жамоа ғолибликка эришди.
Ўз болангни ўзинг асра!
Мамлакатимиз раҳбари шу йил 15 июнь куни «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби» мавзусидаги анжуманда: «…халқимиз ўртасида кенг тарқалган «Ўз уйингни ўзинг асра!» деган даъватга бугун «Ўз болангни ўзинг асра!» деб қўшимча киритиш вақти келди», -дея алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Дарҳақиқат, бугунги кунда ёшларни турли ёт ғоялар таъсиридан асраш, дунёқарашини ўзгартириш ҳеч биримизни бефарқ қолдирмаслиги керак. Туман ҳокимлигида тузилган ишчи гуруҳ томонидан оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш мақсадида диний экстремистик оқимга алоқадорликда махсус ҳисобга олинган шахслар билан мулоқотда бўлиняпти, оиладаги муҳит ўрганиляпти. Дунёқараши ўзгарганларнинг аксарияти ҳисобдан чиқариляпти, фарзандлари таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратиляпти.
Яқинда «Умид ниҳоллари» болалар оромгоҳида ташкил этилган маънавий-маърифий тадбирда ана шундай оилаларда тарбияланаётган болаларга меҳр кўрсатилди. Шу куни оромгоҳ ҳовлиси байрамона безанди. Мустақиллигимиз 26 йиллик шодиёнасининг бош ғояси «Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!» мавзусида ташкилланган ушбу тадбирда туман халқ таълими МФМТТЭ бўлими, туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази, Уйчи спорт, саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежлари жамоалари фаоллик кўрсатдилар.
Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари Аҳмаджон Раҳматов сўзга чиқиб, бундай маънавий-маърифий тадбирлар келажагимиз эгалари бўлган ўқувчи-ёшларнинг янада теранроқ фикрлашларида аҳамияти катта эканлигини таъкидлади.
Хонандаларнинг қўшиқлари, Замира Комилова мураббийлигидаги спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари, ёш истеъдод эгаларининг бадиий дастури барчага хушнудлик бағишлади. Тадбир давомида барча иштирокчилар музқаймоқ билан сийланди. Етмишдан зиёд болага совғалар топширилди.
Муҳаммад АЛИ.
Суратларда: тадбирлардан лавҳалар.

