МАЪСУМА КЕТДИНГИЗМИ?

Уйчи туманининг  оламга машҳур Жийдакапа қишлоғида дугоналарим, сингилларим кўп. Маъсума уларнинг сардори эди. Халқ таълими соҳасида ёниб ишлади. Қишлоғи, тумани, вилоятда ҳалол меҳнати туфайли эл-юртга танилди. Қатор орден-медаллари бўлмаса ҳам, «Халқ таълими аълочиси» номини улуғлади. Таълим-тарбиядаги меҳнатлари учун фахрий ёрлиқлари бир талайлигини биламиз.  

Маъсума кўпфарзанд оилада униб-ўсгани учунми, кўпчиликни ёқтирар, у ўтирган давралар кулгуларга тўлиб кетарди. Нафақага чиқибоқ, 18-мактаб директорлигидан бўшаб, уйда ўтирибди, деган гапни эшитиб, қўнғироқ қилдим. Унинг хуш овози эшитилди. Нега ишламаяпсиз, деган саволимга жавоби ҳамон эсимда.

«Ёшман, демадим, каттаман, демадим, болаларим кўп, демай ишладим, роса ишладим. Энди ёшлар ишласин, ҳавасмандлар ишласин! Баъзи вақтлар, ака-укаларим, опа-сингилларимни тўйларига ҳам вақтида боролмадим, энди ҳаммасининг қазосини ўқимоқчиман.

Бир кўлда балиқчилик қиляпмиз, сиз ҳам келасиз! Хўжайиним билан балиқ пишириб берамиз».

Албатта, мен боролмадим.

Ишим, тадбирлардан ортмадим. Охирги кўришганимиз август кенгашидами, мактабидами, ёдимда йўқ. Маъсума ўзини ёки нафсини бошқалардан олдга қўядиган худбин аёл эмас эди. Ҳамма билан тенг нафас оларди.У доим кулиб яшади, оиласидан олдин мактабини, ўқувчиларини севиб, Ватаннинг бир бўлаги бўлиб яшади. Мактаблар қишлоқларнинг юраги бўлса, ўша юрак бўлиб яшади.

Ёлғон дунёдан чин дунёга кўчиб  кетган  Маъсума! Жойларингиз жаннат бўлсин! Сизни бағрига олган она тупроққа таъзим! «Мураббий «газетаси таҳририяти номидан Дилбар БОНУ.