«СОКУ» МАҲАЛЛАСИ ЯНГИ БИНОДА

Соку маҳалла фуқаролар йиғини 1992 йилда ташкил топган бўлиб, муқим бир биноси йўқ эди. Ўтган йили алоҳида ер майдони ажратилиб, бино қурилиши учун маҳаллий бюджетдан 50 миллион сўм маблағ берилди.

Маҳалланинг ташаббускор раиси Ибодилла Атабоевнинг саъй-ҳаракати ва ҳомийларнинг кўмагида маҳалланинг янги биноси қад ростлади. Маҳалла фаоли Адҳамжон Қаюмов бошчилигидаги қурувчилар, Исоқжон Аҳмедов, Муҳаммаджон Ҳабибуллаев, Маҳаммадвали Атақўзиев, Нодирбек Халилов, Умархон Мирзаев каби ҳомийлар ёрдамларини аяшмади. МФЙ биносида еттита хона бўлиб,  раиснинг хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот, оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар, ободонлаштириш, томорқа ва тадбиркорлар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда ҳудуддан сайланган депутат учун алоҳидадан хоналар мавжуд. Маънавият ва маърифат хонаси, кутубхона, музей ташкил этилган. Фойега ўрнатилган кичик карнайдан маҳалла, маънавият ва маърифатга доир эшиттиришлар, қўшиқлар бериш имконияти ҳам бор. Қабулга келган фуқаролар бундан маънавий озуқа олиб, янгиликлар билан танишишлари мумкин. Бу ҳам бир янгилик.

Салкам уч минг аҳоли истиқомат қиладиган маҳалланинг янги биноси Мустақиллик байрами арафасида топширилди. Ушбу маросимда туман ҳокими Муҳаммадаюбхўжа Апақов, 3-сектор раҳбари Авазбек Хўжахонов, «Маҳалла» ХЖФ туман бўлинмаси раиси Ғанишер Жўраев иштирок этдилар.