КУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА ТАЙЁРГАРЛИК ҚАЙ ДАРАЖАДА?

Бўлимимиз томонидан жорий йилнинг 4-10 сентябрь кунларида Наманган вилоятида жойлашган ижтимоий соҳа объектларида ўтказилган ўрганишлар давомида муассасаларда электр ва иссиқлик қурилмаларининг техник ҳолати, кўмир ёқилғисининг сақланиши кўриб чиқилди ва бир қатор камчиликлар аниқланди. Жумладан, электр ва иссиқлик қурилмаларининг ҳолати бўйича халқ таълими бошқармаси тасарруфидаги жами 685 та муассасадан 51 таси кўрилганда, уларнинг 34 тасида электр ва иссиқлик қурилмаларининг ҳолати қониқарсиз эканлиги маълум бўлди. Ёки вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тасарруфидаги жами 252 та муассасадан 2 таси кўрилганда, уларнинг биттасида электр ва иссиқлик қурилмаларининг техник ҳолати қониқарсиз аҳволда. Бу ҳолат Мактабгача таълим, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари тасарруфидаги муассасаларда ҳам мавжуд.

Кўмир ва брикет омборхоналарининг ҳолати ўрганилганда, вилоят ҳудудидаги жами 8 та кўмир омборхонасидан 2 тасида ҳам электр қурилмалардан амалдаги эксплуатация қоидаларига зид равишда фойдаланилаётганлиги маълум бўлди.

Аксарият муассасаларда кўмир ёқилғиси сақланадиган махсус омборхона мавжуд эмас, (навес) ён-атрофлари очиқ бинода сақланади, кўмирхона амалдаги ёнғинга қарши меъёрларга мувофиқ ёнғинга қарши жиҳозлар билан таъминланмаган, омборхона ҳудудига киришда «Чекиш, очиқ ёнғин ёндирилиши ман этилади» плакати осилмаган.

Юқоридаги каби қоидабузилиш ҳолатларини бартараф этиш ҳамда 2020-2021 йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида инспекциянинг ҳудудий бўлимлари томонидан ҳудудлардаги ижтимоий соҳа муассасалари раҳбарларига ёзма кўрсатмалар берилди.

О.ЖЎРАБОЕВ, «Ўзэнергоинспекция»нинг Наманган ҳудудий бўлими етакчи мутахассиси.