ОИЛА ТИКЛАНДИ
Жорий йилнинг 4 сентябрь куни Уйчи туманида яшовчи Азиз Солиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) турмуш ўртоғи Нигора Солиевага нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво талаби билан фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судига мурожаат қилиб, даъво аризасида 2017 йилда турмуш қурганликлари, 2018 йилда туғилган бир нафар фарзандлари борлиги, турмушининг дастлабки кунлари яхши яшаганликлари, аммо ўзаро оилавий низолар сабабли 2020 йил май ойидан буён бирга яшамаслиги, оилани тиклаш чораси МФЙ вакиллари иштирокида кўрилгани, бироқ натижа бўлмаганлигини баён қилиб, жавобгар билан ўрталарида қайд этилган қонуний никоҳдан ажратишни сўраган.
Фуқаролик иши суд мажлисига тайинланиб, 9 сентябрь куни тарафлар иштирокида кўриб чиқилди. Суд мажлисида тарафларга оиланинг муқаддаслиги, соғлом турмуш тарзи, ҳалол меҳнат йўлини танлаган ёшларнинг оилавий ҳаёти мустаҳкам ва намунали бўлиши муқаррарлиги, уларнинг бир-бирини ўзаро тушуниб, тўғри ҳаёт йўлини танлаб олишида ҳурмат билан муносабатда бўлишлари лозимлиги тушунтирилиб, ҳар икки ёшга оила қуриш бу шарафли масъулиятни ўз зиммасига олиш эканлиги уқтирилди. Натижада даъвогар ўз даъво талабидан воз кечиб, суд мажлисида турмуш ўртоғи билан ярашди. Суд даъвогарнинг даъвосидан воз кечишини қабул қилиб, иш юритувни тугатди ва иш юритув тугатишнинг ҳуқуқий оқибатларини тарафларга тушунтирди.
Санобар ТЎРАБОЕВА,
фуқаролик ишлари бўйича Учқўрғон туманлараро судининг судьяси,
Акрам АКРАМОВ, судья.

