ИШОНЧНИ ОҚЛАЙМИЗ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 2017 йил 12 июль куни парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилишини бевосита туманимиз студиясида кузатиб, ўзимга бир қатор вазифаларни белгилаб олдим.

Йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак» мавзусидаги маърузаларида эришилган ютуқларни эътироф этиб, ҳокимият вакиллик органлари, сиёсий партиялар ва Экологик ҳаракатнинг ўтган даврдаги фаолиятини танқидий руҳда таҳлил қилдилар, ислоҳот-ларни янада чуқурлаштириш йўлидаги муҳим вазифаларни белгилаб бердилар. Дарҳақиқат, Юртбошимиз таъкидлаганларидек, бугун замоннинг ўзи сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, уларнинг аҳоли, электорат билан мулоқотини тизимли йўлга қўйишни талаб этмоқда.

Энди «мудраб ётган» сиёсий партиялар уйғониши лозим. Улар баландпарвоз гапларни четга суриб, аниқ амалий ишлар билан одамларимиз, сайловчилар ишончини қозониши, уларнинг қалбидан жой олиши керак.

Айни пайтда яхши ишлаётган, фаол, жонкуяр туман Кенгаши депутатлари кейинчалик вилоят депутати, вилоят депутатлари эса Олий Мажлис аъзоси бўлишига эришиш зарурлиги, сиёсий партиялар, биринчи навбатда, ана шундай депутатларни кадрлар захирасига киритиши мақсадга мувофиқлигини тўла қўллаб-қувватлайман.

Депутатларнинг иш услубини такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий мадания-тини ошириш мақсадида сиёсий партиялар орқали жойларда «Марказ – вилоят – туман» тартибида ишлайдиган янги тизимни жорий этилиши, бу тизим орқали юқоридан пастга тушиб, ҳам депутатларни, ҳам турли аҳоли қатламларини Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар фаолияти, қонун ижодкорлиги, қабул қилинаётган янги қонун ҳужжатлари ҳақида хабардор қилиб бориш йўлга қўйилиши, шу тариқа Олий Мажлис иш услубини вилоят Кенгашларига, вилоят Кенгашлари иш услубини эса туман ва шаҳар Кенгашларига ўргатиш имконияти пайдо бўлиши ҳам ўринлидир.

«Депутатга беписандлик – халққа беписандлик, деб баҳоланиши шарт. Халқни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради», -дея алоҳида таъкидладилар Президентимиз. Шу ўринда депутатлик сўровини кўриб чиқмагани ёки унга жавоб бермагани, кўриш муддатини бузгани учун жавобгарликни кучайтириш ҳақидаги таклиф ҳам мансабдор шахслар масъулиятини яна бир бор оширади.

Депутат ва сенаторлар ўз фаолияти ҳақида сайловчиларни хабардор этиб бориш учун интернетда, ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини очиб, зарур маълумотларни уларга киритилиши аҳолининг хабардорлик даражасини ошириб боришга хизмат қилади.

Айни пайтда Олий Мажлис палаталари депутатлар ва сенаторларни маънавий ва моддий рағбатлантиришга доир низомни ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ этилиши, бунда ҳар бир депутат фаолиятини баҳолаш ва рағбатлантиришнинг аниқ мезони ва механизмларини белгилаш, шунга кўра намуна кўрсатган депутатларга «адолатли депутат», «халқпарвар депутат», «меҳнаткаш депутат» деган номлар беришни назарда тутилгани ҳам мақсадга мувофиқдир.

Олий Мажлис палаталари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида муносиб фаолият кўрсатган, бошқаларга ўрнак бўлган, ватанпарвар ва фидойи депутатлар ҳақида «Эҳтиром китоблари»ни ташкил этиш ва бу китобларни кейинчалик Олий Мажлис музейида сақлаш ёки собиқ ва амалдаги депутатлар, сенаторлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, дўстона мулоқот ўрнатиш, кўп йиллар меҳнат қилган халқ вакилларига ҳурмат-иззат кўрсатиш мақ-садида «Депутатлар клубини» ҳам ташкил қилиш ҳақидаги таклифлар кучимизга куч, ғайрат бағишлади. Янгича  руҳ ва шижоат билан фаолият кўрсатиб, халқимиз, сайловчиларимиз ишончини оқлаймиз.

Фарида ОТАХОНОВА,

туман Кенгаши депутати.