ОНА ТИЛИМ – ОЛТИН САНДИҒИМ
Ўзбек тили бугунги кунгача кўп минг йиллик тарихий тараққиёт йўлини мардонавор босиб келмоқда. Ўрхун-Энасой ёдгорликларидаги битиклардан тортиб ҳозирги давргача яратиб келинаётган илмий, адабий, маънавий-маърифий манбалар ўзбек тилининг шаклланиш ва ривожланиш тенденциялари, адабий ифодаси, маъно қатламлари, луғат таркиби тўғрисида атрофлича ва асосли маълумотлар бера олади.
Тил – миллат кўзгуси, тақдири, манфаати, давлатчилик рамзидир. Уни ҳимоя қилиш, асраб-авайлаш, тарғибу ташвиқ этиш, сайқаллаштириш, барқарорлаштириш шу мамлакат ҳар бир фуқароси, шу миллат вакилларининг инсоний вазифаси, маънавий бурчидир.
Юқори интеллектуал салоҳиятли, ҳар томонлама баркамол авлод тарбиялаш йўлида замонавий талаблар асосида ташкил этилган Президент мактаблари, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ҳам юртимизда илм-фан, маданият ва санъат соҳаси тараққиётини янги босқичга кўтариш билан бир қаторда миллий манфаатларни, миллий қадриятларни ҳимоя қилиш йўлидаги даъваткор амалий ҳаракатлар маҳсулидир.
Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил одимлаётган мамлакатимизда она тилимиз равнақига ҳам алоҳида эътибор қаратилди, юксак эҳтиром кўрсатилди. «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги Қонуннинг 30 йиллиги тантанаси арафасида халқимизнинг жон каби азиз ва бебаҳо қадрияти – ўзбек тилининг маънавий мақоми такомиллашди.
Биз давлат тилининг асосий тарғиботчиси, ҳимоячиси бўлган ҳар бир юртдошимиз, миллатдошимизни ўзбек тили тараққиёти йўлида бирлашишга, ҳамкор, ҳамфикр бўлишга чорлаб қоламиз. Зеро, куч – бирликда, юксалиш – бирлашишда, тараққиёт – якдилликда, равнақ – ҳамкорликда.
Адиба ҲОЖИМАТОВА,
туман давлат архиви кичик фонд сақловчиси.

