Тожиддин Маърупович ҒОЗИЕВ

Уйчи тумани адабий муҳити оғир жудоликка учради. Бешафқат ўлим фаол ижодкор, фахрий журналист Тожиддин Маърупович Ғозиевни саксон тўрт ёшида орамиздан олиб кетди.

Тожиддин Ғозиев 1936 йилда Уйчи туманида туғилган. Маълумоти олий, Тошкент давлат миллий университетини журналистика мутахассислиги бўйича тамомлаган.

У меҳнат фаолиятини 1964 йилда  Фарғона вилоятининг районлараро «Пахта учун» ва Фарғона тумани «Шонли меҳнат» газеталарида адабий ходим, бўлим мудирлигидан бошлаган. 1965-1967 йилларда Янгиқўрғон туманидаги «Меҳнат байроғи» газетасида адабий ходим, бўлим мудири, 1967-1996 йилларда Уйчи туманидаги «Ҳуррият»  (ҳозирги «Уйчинома») газетасида бўлим мудири, муҳаррир ўринбосари, муҳаррир, 1997-2001 йилларда  «Диёнат» газетасида масъул котиб, махсус мухбир, Наманган вилоят телерадиокомпанияси ва «Ҳайрат» газетасида (ҳамкорликда) махсус мухбир вазифаларида ишлаган.

Тожиддин Ғозиев изланувчан журналист этди. Унинг қаламига мансуб очерк, фельетон, лавҳалар, замонамиз қаҳрамонлари ва ижтимоий мавзудаги долзарб мақолалар газетхонлар томонидан илиқ кутиб олинган.

Ўткир қалам соҳиби, серқирра ижодкор Тожиддин Ғозиевнинг порлоқ хотираси қалбларимизда абадий яшайди.

«УЙЧИНОМА» газетаси таҳририяти жамоаси.