КОМИССИЯ РАИСЛАРИ МАЛАКА ОШИРДИЛАР
Ўзбекистон Республикасида 2017 йилда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар дастури асосида Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежида фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги маърифат ва маънавият, хотин-қизлар билан ишлаш, вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт, тадбиркорлик фаолияти ва оилавий бизнесни ривожлантириш масалалари, экология ва табиатни муҳофаза қилиш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ҳамда жамоатчилик назорати ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комиссиялар раислари учун ўқув-семинари ташкил этилди.
Унда туман ҳокими, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раиси А.Турдиев, туман ҳокимининг ўринбосари А.Раҳматов, кенгаш раисининг биринчи ўринбосари А.Режаббоев, кенгаш раисининг кексалар ва фахрийлар бўйича ўринбосари А.Нажмиддинов, туман ИИБ бошлиғи С.Абдуллаев ва бошқалар тадбир иштирокчиларига фуқаролар йиғинларидаги жамоатчилик комиссиялари фаолиятини самарали ташкил этишнинг моҳияти ва аҳамияти (қонунчилик талаблари ва амалиёт асосида) ҳақида маълумотлар бердилар.
Машғулотларда маҳалла тизимида жорий этилган янгиликлар, Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг мақсадлари, «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»даги энг долзарб вазифалар ижроси юзасидан фикр алмашилди.
Сўнгра ҳар бир комиссиялар раислари ўз йўналишлари бўйича алоҳида аудиторияларга бўлиниб, фаолиятлари юзасидан тегишли мутахассисларнинг маърузаларини тинглашди. Шу тариқа улар жамоатчилик комиссиялари фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асослари, уларнинг фуқаролар йиғини фаолиятида тутган ўрни ва аҳамияти, комиссиялар тўғрисидаги намунавий низомлар қоидалари, мақсад ва вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари хусусида атрофлича тушунчага эга бўлдилар.
Дилмурод ҚАМБАРОВ,
фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари.

