ТИЛ – МИЛЛАТ КЎЗГУСИ
Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлигимиз ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, буюк қадриятдир. Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин.
Ўзбек тили давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч бўлиб майдонга чиқди. Айни вақтда у Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги сари қўйилган биринчи дадил қадам эди.
Мустақиллик йилларида она тилимизни том маънода давлат тилига айлантириш йўлида катта чора-тадбирлар амалга оширилди. Бугун жонажон Ўзбекистонимиз «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» деган устувор ғоя асосида ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўймоқда. Барча соҳалар билан бирга давлат тилининг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Минг афсуски, айрим жойларда «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги Қонун талабларини бажармаслик ҳолатлари ҳамон давом этмоқда. Кўчалар, катта бир иншоотлар, ташкилот ва муассасалар пештоқидаги ёзувларда имло қоидаларига риоя этмаган ҳолда тайёрланган пано ва банерлар учраб турибди.
Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир.
Алибек ЭРГАШЕВ,
Наманган вилоят АОК бошқармаси бошлиғи в.б.

