БЕПУЛ ЎЛЖА ТУЗОҚДА
Бугун телерадиода, газета-журналларда ва Интернетда одам савдоси ҳақида жуда кўп айтилаётганига қарамай, бу иллат бутун ер юзи халқлари, жумладан, юртимиз аҳолиси учун ҳам талай муаммолар туғдирмоқда. Олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишларига қарамай, ўз ихтиёри билан чет элларга кетаётганлар, бегона юртда истаб-истамай турли ёт оқимларга қўшилишга мажбур бўлаётганлар учраб турибди. Уларнинг оиласидагилар, қариндош-уруғлари билан суҳбатлашсангиз, жигари чет элга ишлашга кетганини айтишади. Ҳолбуки, ўша ёшлар дунёнинг бирор жойида текинга бир бурда нон бермаслигини, халқ ибораси билан айтганда, бепул ўлжа фақат тузоқдагина бўлишини, энг муҳими – инсон ҳеч қаерда ўз юртидагидек эмин-эркин ишлай ва яшай олмаслигини англаб етишлари лозим.
Бугун одам савдоси, диний экстремистик ва террористик гуруҳлар тўғрисида, бу иллатлар орқасидан манфаат кўрувчиларнинг қай йўсинда иш тутиши, ёт оқимларга мойиллик нимадан бошланиб, қандай оқибатларга олиб келиши ҳақида фуқароларга янада кенгроқ тушунча беришимиз керак. Тирикчилик илинжида узоқ ўлкалардан ризқ излаётганларни ўз қармоғига илинтириш мақсадида динни ниқоб қилаётган ғаламислар эса тутган йўли билан одамлар, миллатлар, давлатлар ўртасига нифоқ солмоқдалар.
Баҳромжон ЗИЁВИДДИНОВ,
туман прокурорининг ёрдамчиси.

